АсосийJamiyat

Тадбиркорлар учун йўллар янада кенгаймоқда

Истиқлол мамлакатимизда хусусий мулкчилик, тадбиркорлик синфининг шаклланишига кенг йўл очди. Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти бошқаруви даврида тадбиркорликни ривожлантириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилди, қонун ва қарорлар қабул қилинди. Бугунги кунда юртимизда иш билан банд бўлган аҳолининг ва ишлаб чиқарилаётган ялпи миллий маҳсулотнинг салмоқли қисми хусусий сектор ҳиссасига тўғри келмоқда.

Ҳозирда  юртимизда юзлаб, минглаб хусусий корхоналар фаолият кўрсатмоқда, улар томонидан тайёрланаётган маҳсулотлар ички эҳтиёжларимизни қондириш баробарида ташқи бозорга ҳам экспорт қилинмоқда. Хизмат кўрсаиш соҳасида ҳам хусусий секторнинг улуши йилдан йилга ошиб бормоқда.

Янги Фармон, янги имкониятлар...

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони бу борада яна бир муҳим қадам бўлди.

Мазкур Фармонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг аралашувини тубдан қисқартиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмаслик тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналиши ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси этиб белгиланди. 

Эндиликда давлат органлари, энг аввало, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи тузилмалар ўз фаолиятида юқорида кўрсатилган талабни ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги тамойилининг сўзсиз амалга оширилишини таъминлайди. 

Ушбу муҳим ҳужжатда тадбиркорлик фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик, уларнинг фаолиятини асоссиз тўхтатиб қўйганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисидаги қонун талаблари қатъий бажарилишини, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарнинг бевосита айбдорлардан ундирилишини таъминлаш ҳам белгилаб берилди.  

2017 йилнинг 1 январидан бошлаб...

Мазкур фармонда белгиланганидек.  Янги йилнинг бошидан тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари текширишларнинг деярли барча турлари бекор қилинади. Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, шу жумладан, жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча турлари бекор қилинади. Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширишда биринчи марта ҳуқуқбузарликлар содир этган тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ходимлари йўл қўйилган қонунбузарликларни қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ихтиёрий равишда бартараф этган ва етказилган моддий зарарни қоплаган тақдирда, (инсоннинг соғлиғи ва ҳаётига зарар етказилган ҳолатлар бундан мустасно) маъмурий ва жиноий жавобгарликдан, жарималар ва молиявий санкциялар (пенядан ташқари) қўлланилишидан озод этиладилар;.

Ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни биринчи марта содир этган шахслар

  • ҳуқуқбузарлик аниқланган кундан эътиборан бир ой муддатда етказилган зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қопласалар,  

  • тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтсалар  

  • зарур ҳужжатларни расмийлаштирсалар, маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод этиладилар. 

Ушбу фармонга мувофиқ, тадбиркорлик субъектларига нисбатан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жиноий жазо қўлланилмайди. Шу муносабат билан Жиноят кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, Солиқ кодексига ва бир қанча бошқа қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади. 

Хорижий инвестициялар иштирокидаги янгидан ташкил этиладиган ишлаб чиқариш корхоналарига уларни давлат рўйхатидан ўтказиш вақтида амалда бўлган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ставкаларини (ресурс ва божхона тўловлари бундан мустасно) беш йил мобайнида қўллаш ҳуқуқи берилади.

Тадбиркорлик субъектлари ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисида ариза берган тақдирда давлат божи тўлашдан озод этиладилар. тадбиркорлик субъектларининг экспорт контрактларини давлат божхона хизмати органларида ҳисобга қўйиш борасидаги талаб валюта назорати органлари томонидан Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизими орқали ташқи савдо контрактлари назорати ва мониторингини сақлаб қолиш шарти билан бекор қилинади.

экспорт қилинаётган товарларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат илгари худди шундай товар учун айнан сертификат олган аризачига бир иш куни мобайнида берилади. 

Янги институт ташкил этилади

Президент Фармонига кўра,  Олий Мажлис палаталарига Парламент  ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институтини ташкил этиш масаласини кўриб чиқиш тавсия этилди.

Ушбу институт тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этиш, тадбиркорлик субъектларининг фаолияти текширилаётганда уларни ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари ва талабларининг амалда рўёбга чиқарилаётганлигини ўрганиш, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тадбиркорлик фаолияти амалга оширилишига таъсири самарадорлигини баҳолаш сингари ваколатларга эга бўлиши назарда тутилган.

Узвийлик ва изчиллик кафолати

Мазкур Фармонда тегишли вазирлик ва идораларга  солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни йиғиш харажатларини камайтириш, валютани тартибга солишнинг ва валюталар курси сиёсатининг илғор бозор механизмларини жорий этиш, тадбиркорлик субъектлари фаолияти юзасидан текширишлар борасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, улар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, банк фаолиятини тартибга солишнинг замонавий тамойиллари ва механизмларини жорий этиш сингари масалаларга йўналтирилган асосланган таклифлар киритиш вазифаси юклатилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу  Фармони, энг аввало, хусусий мулкни хуқуқий ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратишга ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга йўналтирилган ва ушбу соҳада давлат сиёсатининг сифат жиҳатидан янги даражага ўтишидан далолат беради. 

Фармон қоидаларини амалда рўёбга чиқариш мақсадида тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантириш, хусусий мулкчиликни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатдан яхшилаш борасида бешта энг устувор соҳа бўйича 42 та аниқ чора-тадбир амалга оширилишини назарда тутувчи Комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. 

Шу билан бирга, фармонда илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда техник талаблар (санитария, экология, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, ёнғин хавфсизлиги қоидалари, стандартлаштириш ва бошқалар) каби махсус норматив ҳужжатларни, самарасиз, эскирган ва бозор механизмларининг ўрнини эгаллаб олган нормаларни бекор қилиш юзасидан танқидий қайта кўриб чиқиш назарда тутилган. 

Фармоннинг амалга оширилиши мамлакат иқтисодиётини барқарор ривожлантиришнинг асосий омили саналади. У тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш йўлидаги ғовлар ва тўсиқларни бартараф этиш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти белгилаган йўлнинг узвийлиги ва изчиллигини таъминлаш имконини беради. 

Тадбиркорлар нима дейди?

Гулнора Рихсиева, МЧЖ "Zamona Rano" директори: — Биз бу фармон билан танишиб, имкониятларимиз янада кенгайганидан хурсанд бўлдик. Ҳозирга қадар биз учун яратилган шароитлар туфайли ўз ишимизни йўлга қўйиб, ривожлантиряпмиз. Биз бу имкониятлардан фойдаланиб янада ғайрат билан ишлашимиз керак.

ХК “Tаджиходжаев» директори Ҳожиакбар Таджиходжаев

  • Дунёнинг бирор мамлакатида тадбиркорларга биздагидек эътибор берилмаса керак деб ўйлайман. Шу пайтгача бизнинг фаолтиятимизни ҳимоялаш учун қанча-қанча фармон, қарор ва қонунлар қабул қилинди. Мазкур фармонда ҳам биз учун кўплаб имтиёзлар назарда тутилган. Билиб билмай хатога йўл қўйган тадбиркорлар учун маъмурий ва жиноий жазоалрнинг енгиллаштирилиши ҳам бу соҳани ривожлантиришга катта эътибор натижасидир.

ОАВ материаллари асосида тайёрланди.

    Бошқа янгиликлар