Биз мустақиллик йилларида эмас, балки ўша ҳамма мақтайдиган “совет даври”да ҳам ичимлик сувини узоқлардан ташиб келиб ичардик. Сув ташиб келишнинг ҳам машаққати, қийинчиликлари кўп эди. Гоҳида флягаларда (халқ тилида плак дейилади), баъзан челак ёки ёқилғи солинадиган канистраларда, гоҳида эса челакларда бир километрга яқин жойдан не-не хасратлар билан олиб келинар, у ҳам бир икки соатда рўзғор учун ишлатилиб, биз болаларнинг чекимизга яна ўша юмушлар юкланарди. Умримизнинг энг ўйинқароқ даври рўзғор учун сув ташиш билан ўтган, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Бизку, майли, оиласида ёш боласи йўқлар, чолу-кампирлар, ёлғиз кексалар, беморларнинг холи ниҳоятда оғир эди. Ўша олиб келадиган жойимизда ҳам гоҳида мотор бузилиб қолар, одамлар эса қатор бўлиб, соатлаб “мотор тузалишини” кутар эдик.
Кўксимизга шамол тегадиган давр 2018 йил келди деб, хурсанд бўлади маҳалламиз одамлари. Айни шу йили маҳалламизга узоқ ҳудудлардан бўлсада, трубаларда тозам ичимлик суви тортилди. Ҳар бир хонадонга алоҳида сув кириб келди ва одамлар хурсандчиликдан оғзи қулоғига етишини кўринг. Фаровонлашиб бораётган хаётни кўриб, маҳалладошларимизнинг кайфияти ҳам борган сари кўтарилиб бораётганлигини кўриб турибмиз.
Бунинг асл сабаби бутун Ўзбекистонда халқни тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун ҳукуматнинг тинимсиз меҳнатлари эканлигидир. Бор-йўғи ўтган 6 йилда халқнинг тоза сувга бўлган талабини қондириш учун бажарилган ишларни санаб-саноғига етиб бўлмайди. Аҳолини марказлаштирилган ичимлик суви билан таъминланганлиги бугун 70 фоизни ташкил этаяпти. Маълумотларга кўра, 2017–2022 йилларда 25 минг 300 километрдан ортиқ тармоқлар, 1 минг 800 дан зиёд сув иншоотлари қурилган ва қайта тикланган. Қисқагина ўтган 6 йил давомида 6 миллион 500 минг аҳоли илк бор марказлашган ичимлик сувидан баҳраманд бўлганлиги қаторида, 4 миллиондан зиёд инсоннинг сув таъминоти яхшиланган. Қувонарлиси, бу одамлар сафида бизнинг маҳалламиз ҳам бор.
Давлатимиз аҳолини сув билан таъминлаш учун маблағни аямаяпти. Ҳукумат шу даврда фақат сув учун 1 миллиард доллар сафрлаганлиги барчамизни хурсанд қиладида, албатта. Энг зўри, республикамизнинг барча минтақаларида бу ишларнинг жадал давом этаётганидир. Давлатимиз Оролбўйига жиддий эътибор қаратиб, бу ҳудудларда ҳам марказий сув таъминотини қарийб 25 фоизга оширди. Шунингдек, оролбўйида минтақасида аҳолининг тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятини ошириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти ҳудудларида 1535,4 км. сув қувури ва сув тармоғи, 44 дона сув чиқариш қудуғи, 17 дона сув босимини ҳосил қилувчи минора, 24 дона резервуар қурилди ва реконструкция қилинди, 53 дона насос иншооти ўрнатилди. Бундай ўзгаришларни тушуниш, ҳис қилиш, қанча маблағ, қанча куч ва ресурс сарфланганлигини биз оддий одамлар ҳар доим ҳам билавермаймизда. Буни фақат бошдан кечирган, уни кўзи билан кўрган, меҳнатнинг залворини, машаққатини тушунганлар, вазифаларнинг қийинлигини тушунадиган мутахассисларгина англай олади.
Ушбу кўрсаткичларни агар фоизларда ҳисобласак, охирги 6 йилда тоза марказий сув таъминотига уланган аҳоли улушини Қорақалпоғистон Республикасида 50,8 фоиздан 74,0 фоизга, Хоразм вилоятида 52,1 фоиздан 77,4 фоизга оширишга эришилди. Бу эса чекка ҳудудларнинг ҳам доимо давлат ва ҳукумат эътиборида, ғамхўрлигида бўлиб келаётганлигини англатади. Зеро, тоза сув, соғлик ва фаровонликнинг гаровидир!
Бектош Бердиев,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси доценти.