Дейлик, бирор тадбирга отланаяпсиз. Аксига олиб, дизайнер мўлжаллаган либосингизни кўнглингиздагидек тайёрламаган. Тантана бошланишига эса атиги 1 соатгина вақт қолган. Хўш, қандай йўл тутасиз?
Ушбу саволга санъаткор аёлларимиздан жавоб олиб, уларнинг кутилмаган вазиятларда қандай йўл тутишларини руҳшунос Шаҳноза ХАЛИЛОВА билан таҳлил қиламиз.
«Дўконга чопаман»
Дилдора НИЁЗОВА, хонанда: — Албатта, оёғимни қўлга олиб, энг яқин либослар дўконига чопаман. Шу йўл билан вазиятдан чиқиб кетишга ҳаракат қиламан. Айтилган жойга бормаслик менинг одатларимга тўғри келмайди, ахир.
Руҳшунос фикри: — Оғир, вазмин хушовоз хонандамизнинг танлови ортиқча ҳис-ҳажонга берилмаслигидан далолат беради. Ўз тамойилларига содиқ кишилар тоифасидан бўлиб, бироз таваккалчилиги ҳам бор. Чунки 1 соат ичида исталган либосни топмаслигининг эҳтимоли борлигини билса-да, ушбу чорани қўллаб кўради.
«Инжиқлик қилмайман»
ДИЛСЎЗ, хонанда: — Шу ҳам муаммоми? Бор либосимни кийиб кетавераман. Ўтган гал ҳам шу кўйлакда боргандим деб, инжиқлик қилмайман.
Руҳшунос фикри: — Дилсўзни ҳақиқий оптимистлар сафига бемалол қўшиш мумкин. У чумолидан фил ясамайдиганлардан. Ва бошқаларнинг фикри билан ҳисоблашиб, ўз имкониятларини қўлдан чиқармайдиган аёлдир. Бу кареьера қиламан деган киши учун жуда муҳим хислат.
«Захирам бор!»
Мадина МУМТОЗ, актриса: — Бироз асабийлашаман. Бироқ чора топиш учун «Мадина, тинчлан, ҳаммаси яхши бўлади, либос топилади», деб ўзимга такрорлайман. Бунақа ҳолатга тушавериб, тажрибам ошиб қолгани учун захирамда доим кўйлаклар бўлади. Агар улар ҳам тўғри келмаса, бирор дўконга отланишим мумкин. Майли, 5-10 дақиқа кечиксам ҳам, ўзимга ёққан либосда тантанага боришни афзал кўраман.
Руҳшунос фикри: — Бироз таъсирчан ва кутилмаган вазиятлардан хавфсирайдиганлар ҳаммасини олдиндан кўз остига олиб қўйишади. Уларнинг бир эмас, бир неча йўллари бўлади. Бунинг устига, Мадина Мумтоздек йўл тутадиганлар ўз истакларига қарши чиқишмайди. Ва истаганига эришиш учун қайта-қайта уриниб кўришга эринишмайди.
«Тақдирга тан бераман, аммо...»
Севара СОЛИЕВА, актриса: — Аввало, шу дизайнер билан иккинчи марта ишламасликка қарор қиламан. Аммо бир соатгина вақтим бўлса, наилож, унинг тиккан либосини кияман.
Руҳшунос фикри: — Севара бошқаларга қараганда анча реал ва ҳақиқатни тан оладиганлар тоифасига киради. Ва қатъий қарор қабул қила олади. Бир бор «оғзини куйдирган» кишиларга қайта мурожаат қилмайди. Тақдирга тан бериб, вазиятдан тўғри хулоса чиқаришни билади. Яъни бир қилган хатосига иккинчи бор йўл қўймайди.
«Ўзим дизайнерга айланаман!»
Шаҳло АҲМЕДОВА, хонанда: — Агар янги либос сотиб олишга улгурмасам, демак, ўзим дизайнерлик қилишим керак. Яъни бирор либосимни кияман-да, уни аксессуарлар билан бойитиб, янгидек қилиб кийиб кетавераман.
Руҳшунос фикри: — Ёш хонандамизни жуда тадбиркор оптимист дея таърифласак, муболаға бўлмас. Чунки у вақт ва имкониятларини тўғри баҳолай олади. Шу билан бирга, янгилик яратишга ҳам уста. Бирор муаммога дуч келса, уни ҳал қилиш қўлидан келишига ишонади. Агар сиз ҳам эски либосингизни янгидек кўринишга келтириш тараддудига тушадиганлардан бўлсангиз, демак, жиндек макр ва маҳорат билан бошқаларни лол қолдиришга қодирсиз.
«Мен учун тадбир муҳим!»
Муқаддас САЪДУЛЛАЕВА, актриса: — Бу ҳол кайфиятимга салбий таъсир ўтказмасдан қолмайди. Аммо буни бошқаларга сездирмасликка ҳаракат қиламан. Чунки уларнинг кайфиятини ҳам туширишни истамайман. Қолаверса, мен учун кийим эмас, тадбир муҳим! Шу сабабдан ҳам гардеробимдаги ўзимга жуда ёққан либосни кийиб, тантанага йўл оламан.
Руҳшунос фикри: — Муқаддаснинг ўз кайфияти бошқаларнинг ҳам тантановар руҳига таъсир қилмаслигини ўйлаши яхши. Муаммолардан аввалига тушкунликка тушиб қолади-ю, бироқ ўзида бор имкониятлар учун шукр қилишни билади.
Сўровномамизда иштирок этганларнинг бирортаси умуман тадбирга бормаслик йўлини танлашмади. Агар сиз шу йўлни танласангиз, демак, пессимистсиз. Баҳона топиб, айбни кимгадир ағдариб, кичик муаммодан ҳам бутун дунё кўзингизга тор кўриниб, имкониятларни қўлдан чиқарасиз. Йўқ, бундайлар сафини тарк этинг. Қаранг, ижодкор аёлларимизнинг ҳаммаси кутилмаган вазиятларда тушкунликка тушмайдиганлардан. Улар нима қилиб бўлса ҳам, вазиятдан чиқишга ҳаракат этишади. Омадларининг сири ҳам шу бўлса, ажабмас!
МУХЛИСА тайёрлади.