АсосийSUG'DIYONA

Бола тарбиясидаги 6 хато

Психология фани бўйича қатор илмий адабиётлар муаллифи Тим Элмор бола тарбиясида йўл қўйиладиган хатолар хусусида қуйидагиларни маълум қилади. Ўқиб кўринг, балки излаётган саволларингизга жавоб топарсиз!

1. Керагидан ортиқ эътибор!

Бола кичиклигида йиқилиб тушса, мустақил ўрнидан туриши керак. Ана шунда улғайгач, турли фобиялардан холи бўлади. Бироқ аксарият ота-оналар «йиқилиб тушса-чи, туртиб юборишлари мумкин» деган хавотир билан эътиборни керагидан орттириб юборишади.

2. Ёрдамга шошиламиз!

«Дарсингни ойинг билан тайёрла, кийимларингни опанг кийдириб қўяди» Эҳ, набиралари учун қайғурган бувижонлар боланинг шахс сифатида шаклланишига тўсқинлик қилишаётганини билишса эди. Тўғри, болага кўмаклашиш керак. Аммо мустақиллигини ҳам чегаралаб қўйманг-да.

3. Рағбатлантирамиз, керак бўлмса ҳам...

Илгари ўйинчоғу ширинликлар билан чалғиган болаларни бугун уяли телефон, комьютер ёки интернет билан «йўлга солишади». Ҳатто баъзи ҳотамтой ота-оналар пуллик рағбат йўлини ҳам ўйлаб топишган. Аммо бу нотўғри! Бу билан унда қизиқиш уйғота оласиз, аммо таъмагирликни ҳам шакллантириб қўйишингиз мумкин.

4. Яхшиси боламга...

Кайфиятингиз йўқ, толиққансиз. Аммо фарзандингиз сайрга олиб чиқишни ёки бирор егулик тайёрлаб беришни талаб қилаяпти. Унга ён босиш, «Менинг истагим, ҳаммасидан устун» деган тушунчани юзага келтиради. «Йўқ», «Кейинроқ», «Мен чарчадим» каби жумлалар билан бошқалар ҳолатига киришишни ҳам ўргатиб боринг.

5. «Буванг шундай жазоларди-ки...»

Қулоқсизлик қилган ёки мактабда паст бахо олган болани жазолашда аксарият ота-оналар болаликдаги хотираларга берилишади. «Дадам бизга шундай танбеҳ берган», «Икки соат оч қолдирган» каби усуллар, сизнингча тўғри. Аммо бу болаликдаги аразни шу йўл билан чиқариб олиш, холос.

6. Гапирамиз-у, ўзимиз бажармаймиз!

Оддий ҳолат: фарзандингизга масъулият ҳақида гапириб, эртасига ишга боргим йўқ, дейсиз. Хўш, буни кўрган бола сўзларингизни қандай тушунсин?! Ёки пулни тежаш керак дейсиз-у, «Дадаси дугонам фалон сўмлик кўйлак сотаяпти, бир иложини қилинг. Киймасам ўлиб қоламан» деганча дийдиё қиласиз. Бола эса сиздан намуна олади.

Бошқа янгиликлар