Блогер Шаҳноза Соатова ўз саҳифасига қўшхотинлик ҳақида пост жойлаб, уни тарғиб қилганлик учун ҳам жавобгарлик белгиланиши кераклигини айтди.
"Илгари кўпхотинлилик ҳақида “Ўтган кунлар” киносидан билардик. Шунда ҳам фожиа деб кўрсатилган эди",–дейди блогер сўзи аввалида.
Шаҳноза Соатова аввал кўпхотинлик гапирилмаслиги, гапирилганда ҳам мураккаб, чигал ва фожиали тақдир деб кўрсатилганини айтиб, бундай фожиага қарши “Маҳаллада дув дув гап”, “Мафтунингман”, “Ёр-ёр”, “Севишганлар”, “Чинор остидаги дуэл” каби ижобий наъмуналар келтирилганини эслатиб ўтган.
"Ҳаммасида ягона севгилиси билан бахтли, муҳаббатли, узоқ йиллар бир-бирига суяниб қўша қариган ота-оналар, илғор аёллар бор эди.
Лекин ҳозир бўлаетган агрессив медиатарғиботга негадир ҳеч ким, айниқса, масъуллар индамаяпти. Телевизорнинг қайси каналига олсанг, қўшхотинлик ҳақида сериал. Инстаграм, ютуб ҳам тўлган шу мавзуга. Миллион аудиторияга эга блогерлар омма олдида эрига иккинчи хотин совға қиляпти", дейди блогер.
Эслатиб ўтамиз аввалроқ Инстаблогер “Чеченка” эрига иккинчи хотин совға қилиб, қўшхотинликни тарғиб қилган видеоси тарқалган эди. Видео ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлгач, блогер узр сўраб чиққан.
Шаҳноза Соатованинг айтишича, “интернет домлалар”нинг контентлари, маърузаларида ҳам фақат шу хотинлар, уларнинг кийими, аврат, зино, бирбалолар. Муҳаббат, севгига садоқат, оилани асраш, эр-хотин бир-бирини ҳурмат қилиши, қийинчиликларни биргаликда енгиши ҳақида жуда кам гапириляпти.
Гўё бизда оилавий қадриятлар ўзгариб кетгандек. Ҳамма атрофда хотин устига хотин оляпти-ю, бу ижтимоий нормага айланиб бўлгандек... Фақат хотинлар ўртасида адолат қилса бўлдимиш.
Аслида унақа эмас. Ота-оналаримиз, буви-боболаримиз бир-бирларига садоқат билан биргаликда яхши-ёмон кунларни яшаб, оила қўрғонини қуришган. Ҳозир ҳам аксар оилалар тирикчилик ташвишида, эр-хотин биргаликда рўзғор юкини кўтариб фарзандларни оёққа қўйишяпти.
Лекин медиа, ижтимоий тармоқлар жамиятда ахлоқ нормаларини эмас, айримлар кўришни-эшитишни истаётган нарсаларни кўрсатяпти — аудитория талаби, атрофда бўлаётган ҳаётий ҳолат эмиш! — деди у.
Шаҳноза Соатова бу ҳаётий ҳолат эмас, жиноятга тарғибот экани ва бунга чек қўйиш кераклигини айтди.
Ҳатто машина салонлар қўшхотинлик орқали реклама қиляпти. Бундан бир неча йиллар аввал рекламачилар бу мавзуга тегинишга журъати етмасди. Нари борса қайнона-келин мавзусида реклама қилишарди. Бизнинг медиамиз ва реклама бозоримиз оилавий қадриятларни ҳурмат қилиш ўрнига тўрт сўм пул топиб “диндор” режимини ёқвоган “тадбиркор”ларнинг нафси учун ишлаяпти. Пули борлар ёқтириб кўрса, орасида рекламасини ўтказса бўлди, — дейди блогер.
Унинг таъкидлашича, кўпхотинликнинг асосий хавфларидан бири бу жамиятнинг ахлоқий негизларини емириши ҳисобланади. Ушбу жиноят оилага қарши жиноят жумласига киради. Шу боис уни тарғиб қилганлик учун ҳам жавобгарлик белгиланиши керак.
Қонунга қарши тарғибот қилаётганларга чора кўришмайдими? Конституциямизда дунёвий давлат деб ёзиб қўйилган-ку. Нимага конституцияда белгиланган тузум ва йўналишга қарши борувчи тарғиботга чора кўрилмайди?” — деди Шаҳноза Соатова.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 126-моддасига кўра, кўпхотинлилик қуйидаги жазо турларига сабаб бўлиши мумкин:
- асосий ҳисоб-китоб бирлигининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади, бу эса 16,5 миллион сўмдан 33 миллион сўмга тўғри келади.
- Уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари.
- Бир йилдан уч йилгача бўлган муддатга озодликни чеклаш.
- Уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш.