1

Эронлик полвонни йиқитган қизиқчи ҳақида эшитганмисиз? (Фото)

МАДАНИЯТ 25.08.2023, 13:51
Эронлик полвонни йиқитган қизиқчи ҳақида эшитганмисиз? (Фото)

Аския  халқимизнинг бетакрор, фақат ўзигагина хос бўлган ноёб санъат туридир. Ҳар биримиздаги миллий ғурур туйғусини  бир чертиб ўтадиган жиҳати шуки,  зукколик, топқирлик, ақллилик, доноликнинг белгиси бўлган аския олимларимизнинг эътироф этишларича бошқа ҳеч бир халқда учрамайди. Тўғри санъат миллат танламайди, ҳар бир миллатнинг ўз қўшиғи, ҳатто қизиқчилари бор, лекин аскиячилари йўқ! Афсуски шундай ноёб санъат тури аста-аста унутила бошлаган эди... 

2014 йилда Аския санъати “Инсониятнинг номоддий маданий мероси” репрезентатив рўйхатига киритиган бўлсада...

Ана шу аския санъати ривожига муносиб ҳисса қўшган, ўзидан бой маънавий мерос қолдирган, устозларнинг устози, закий сўз устаси, серқирра ижодкор  Юсуфжон қизиқ Шакаржонов ҳақида...

Эронлик полвонни йиқитган қизиқчи

Юсуфжон қизиқ 1859 йилда Марғилонда туғилган. У лаёқатли фарзанд  сифатида падари бузруквори Шакаржон отанинг умиди,  ишончини қозонгани шубҳасиз. Зеро, Юсуфжон  ҳақидаги маълумотларда шундай сатрлар бор: “Ўзбек театрининг йирик намояндаси, рақс санъатининг устаси, Ўзбекистон халқ артисти...”

У дастлабки сабоқларни 1881—88 йилларда Зокиржон қизиқ бошчилигидаги қўқонлик қизиқчилар  тўдасидаги Саъди Махсумдан олади. 3-4 йил ичида тўда таркибида бутун Фарғона водийсини айланиб чиқар экан, халқ уни театр, цирк томошаларида бошловчи, қизиқчи, муқаллид, ҳажвия, кулги ҳикоялар устаси сифатида севиб қолди. Юсуфжон айниқса ёшлар билан ишлашни ёқтирар, билганларини, қизиқчилик, раққослик, корфармонлик-бошловчилик, ташкилотчилик сирларини ўргатар эди. Уни ҳар қандай жамоага бажонидил қабул қилишар, унинг топқирлиги, ҳозиржавоблиги, билағонлиги туфайли ҳарқандай томоша мароқли ўтарди.  Юсуфжон қизиқ 1904 йилда Тошкентдаги Муллабой Мансуров циркида Ортиқ қизиқ, Собир қори, Қодир қизиқ, Карим Зариповлар билан бирга Самарқанд, Фарғона водийси, Туркистон, Авлиё ота, Пишпакда бўлиб ўзбек қизиқчилиги, халқ рақсларини намойиш этади. Шу йилларда Қашқарда қатор комедиялар; “Келин тушириш”, “Бола ўқитиш”, “Мамаюсуф”, “Сурат кўрсатиш” каби қатор комедиялар намойишига бош-қош бўлади. Тиниб- тинчимас қизиқчи энди ўзи Марғилонда қизиқчилар тўдасини тузади. 36 кишидан иборат қизиқчилар тўдасининг чиқишларини аҳоли доим катта қизиқиш, завқ-шавқ билан томоша қилишар эди. Кейинчалик, яна бир цирк уюшмаси билан Бухорога, кейинчалик Санкт-Петербургга йўл олади. Рус балети, русларнинг цирк санъатини кузатиб шрганади, масхарабоз Анатолий Дуров билан танишади. У Филип Юпатовнинг Андижон ва Тошкентдаги чодир циркида қизиқчи дўстлари билан турли комедияларни намойиш этишади. 

Бир сафар, невараси Шуҳрат Юсуповнинг ҳикоя қилишича эронлик полвоннинг томошасида иштирок этар экан, даврада полвонга бас келадиган одам топилмай қолибти. Даврабошининг қайта-қайта “Полвонга бас келадиганлар борми орангизда” деган хитоблари малол келиб, “Бор, мен чиқаман у билан курашишга” дебти.   Ёнидаги дўстлари эса, “Хой, шаштингдан қайт, бунинг гавдасини кўряпсанми? Сен унинг олдида анча кичиксанку” деган сўзларига “Енгиш учун фақат куч эмас, “калла” ҳам керак” дебти кулиб. Маҳаллий аҳолининг ҳайрат билан томоша қилаётганидан ғурурланган полвон Юсуфжон қизиқнинг устамонлигини пайқамай қолибти. У чолворини тортиб кийгунича Юсуфжон уни ерга қулатиб ғолиб бўлган экан. Шундай қилиб, Амир Олимхоннинг ғолибга атаган пул мукофоти унга насиб этибти. Эронликни енгган ўзбек йигитининг ғалабасидан ғурурланган Амир Алимхон унга яна  бир мукофотни, зарбоф тўнини ҳадя этган экан...

Уста Олим Комиловга доира, Тамарахонимга рақс сирларини ўргатиб...

1918 йилда у яна қизиқчилар тўдасини ташкил этади. Унинг таркибида бир қатор иқтидорли қизиқчилар билан бирга Маматбува , Худойберган исмли ҳофизлар, Отахўжа раққос, доирачи Уста Олим Комилов, Тамарахоним фаолият кўрсатишган. У Тамарахонимга ўзбек рақсининг сирларини, Уста Олим Комиловга доира чалишнинг 92 усулини ўргатган. 1920 йилда Юсуфжон қизиқ тўдаси тарғибот поездида Ўзбекистон бўйлаб хизматда бўлади. Кейинроқ, Муҳиддин Қориёқубов раҳбарлигидаги Ўзбек давлат этнографик ансамблда қизиқчи, чолғучи, раққос сифатида фаолият кўрсатган. “Қари наво”, “Сарбоз”, “Кема ўйин” рақсларини саҳналаштиришда иштирок этган. Унинг Чўлпон билан ҳамкорлигию, 1930 йилдаги Москвадаги санъат олимпиадасидаги иштирокининг ўзи бир тарих. Уста Олим Комилов ва Тамарахонимнинг шу олимпиадада жуда катта эътироф, мукофотга сазовор бўлишида ҳам унинг хизматлари беқиёс бўлган. 

Шундай қилиб, умрини санъатга бағишлаган Ўзбекистон халқ артисти, серқирра ижодкор, қизиқчилик, аския санъатининг билимдони Юсуфжон қизиқ уруш ва урушдан кейинги мураккаб даврларда ҳам доимо халқ хизматида бўлди, айниқса собиқ мустамлака йиллари, собиқ совет даврларидаги қийин вазиятларда ҳам рост сўзни айтишдан, қизиқчилик сирларини ёшларга ўргатишдан тўхтамади. Умрининг охиригача халқ хизматида бўлди. Ўзидан кейин унинг ишини ўғиллари Зайнобиддин ва Мадаминжон Юсуповлар, Муҳиддин Дарвешов, Мамасиддиқ Ширяевлар давом эттирди. Ҳозирги кунда набиралари Жамолиддин Юсупов, Шуҳрат Юсуповлар ҳам ота-боболари ишини давом эттирмоқда, Фарғона, Марғилон маданият бўлимларида фаолият олиб боришмоқда...

Сайёра Рихсиева

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1