АсосийDunyo

Дунё сиёсатчилари БМТ ассамблеясида Россия-Украина можаросига қандай ечим таклиф қилди?

'Дунё сиёсатчилари БМТ ассамблеясида Россия-Украина можаросига қандай ечим таклиф қилди?'ning rasmi

Хабарингиз бор, 19 сентябрь куни Нью-Йоркда БМТ Бош ассамблеясининг 78-сессияси бошланди. Биринчи кунданоқ нотиқлар сони кўп бўлишига қарамай, асосий эътибор Украинадаги уруш масаласига қаратилди. Айниқса, Украина президенти Владимир Зеленскийнинг нутқи муҳокамаларга сабаб бўлди. Бу ҳақда Zamon.uz хабар бермоқда.

Зеленский: “Россия ядро қуролига эгалик қилишга ҳақсиз”

“Ҳозирги урушдан мақсад – бизнинг мамлакатимиз, халқимиз, бизнинг ҳаётимизга чек қўйишдир. Шунингдек бу сизга қарши, дунёдаги қоидаларга асосланган тинчликка қарши қуролдир”, – деди Зеленский дунё етакчиларига қарата.

Зеленский Россия бутун дунёни урушга тортишга уринаётгани, Украина эса ўз ғалабаси билан ҳеч кимнинг бошқа халққа ҳужум қилиш имкони йўқлигини кўрсатмоқчи эканини айтди. Шунингдек, у ҳар қандай ҳарбий жиноят жазоланиши, депорт қилинганлар ўз уйига қайтиши кераклигини ҳам эслатиб ўтди.

Украина президенти Россия ядро қуролига эгалик қилиш ҳуқуқига эга эмаслигини таъкидлади.

“Украина катталиги бўйича ўзининг учинчи ядро арсеналини берганда бутун дунё бу куч Россияда сақланиши керак, деб қарор қилган эди. Аммо кейинги тарих айнан Россия 1990 йиллардаёқ қуролсизлантирилиши кераклигини кўрсатди. Ҳозир эса у ядро қуролига эгалик қилиш ҳуқуқига умуман эга эмас”, – деди Зеленский.

Байден: “Фақат Россия тинчликка тўсқинлик қилмоқда”

Зеленскийдан аввал нутқ сўзлаган АҚШ президенти Жо Байден ҳам фақат Россия тинчлик йўлини тўсиб турганини таъкидлади. У бундай инқирозли даврда Америка зиммасига қандай масъулиятни олиши кераклигини тушунишини айтиб, БМТ аъзоларини Россия агрессиясига қарши туришга чақирди.

Байден БМТ учрашуви Россия туфайли кетма-кет иккинчи марта уруш мавзусига бағишлагаётганига ҳам диққат қаратди.

“Россия дунё ҳолдан тойиб, унга Украинада ҳеч бир оқибатларсиз ваҳшийлик қилишга қўйиб беради, деб умид қилмоқда. Аммо сиздан шуни сўрайман: агар биз агрессорни тинчлантириш учун БМТ хартиясининг асосий тамойилларидан воз кечсак, ташкилотнинг бирор аъзоси ўзининг ҳимояланганига ишонч билдира оладими? Агар биз Украина парчаланишига йўл қўйиб берсак, исталган давлат мустақиллиги кафолати ҳақида гапиришга ҳаққимиз қоладими? Албатта йўқ! Шунинг учун ҳам Қўшма Штатлар ўз иттифоқдошлари ва ҳамкорлари билан биргаликда Украинанинг ўз озодлиги, суверенлиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилаётган жасур халқи билан елкадош бўлади”, – деди Байден.

Экспертлар Байденнинг нутқида Украинага бағишланган қисми кутилганидан кам бўлганини айтмоқда. Аммо унинг сўзлари БМТ минбаридан қатъий ва ишонч билан янгради. Украинага ёрдам бериш давом этишини ваъда қилар экан, АҚШ президенти муҳолиф республикачиларни бу миллиардлар ҳавога совурилмаётганига ишонтириши лозимлигини ҳам қўшиб кетди.

Гутерриш: “Украинадаги уруш – узоқ давом этаётган даҳшат”

БМТ бош котиби Антониу Гуерриш ҳам ўз чиқишида Байденни қўллаб-қувватлашини билдирди. У Украинада ҳамон давом этаётган урушни “тугамаётган даҳшат” деб атади.

Гутерришнинг сўзларига кўра, Россия бошлаган уруш инсонлар ҳаётини бузиб, оилаларни парчаламоқда, болаларнинг орзуларини йўққа чиқариб, уларга руҳий азоб бермоқда.

Гутерриш ҳиссиётга тўла сўзлардан ташқари бутун дунё Украина қишлоқ хўжалиги ҳамда Россия ўғити озиқ-овқат хавфсизлиги ва жаҳон бозоридаги барқарорликни таъминлаш учун аҳамиятли эканини ҳам гапирди.

“Биз тинчлик учун курашни камайтирмаслигимиз керак. Ҳатто уруш кетаётган бўлсада, Украина ва ундан ташқаридаги фуқароларнинг азиятларини енгиллаштириш учун барча имкониятларни ишга солиш керак”, – деди у.

Гутерриш шундай имкониятларидан бири Қора денгиз дон ташаббуси бўлганини эслатди.  

БМТ бош ассамблеяси раиси Деннис Фрэнсис ҳам Украина мавзусида гапира туриб “Барчамиз бу уруш тугашини истаймиз”, дея таъкидлади. У Украина ва дунёнинг бошқа қисмларида БМТ уставига ва халқаро ҳуқуққа мос келувчи барқарор тинчлик зарурлигини айтди.

Дуда: “Россия ҳужуми нацистлар Германияси ҳужуми билан тенг”

Польша президенти Анджей Дуда Бош ассамблеяда нутқ сўзлай туриб Россиянинг Украинага ҳужумини 1939 йилда нацистлар Германиясининг Польшага ҳужумига тенглаштирди.

Унинг сўзларига кўра, ўшанда ҳам, ҳозир ҳам бошқалар устидан ҳукмронлик қилиш орзуси бўлган. “Аммо у кунлар ўтиб кетган ва ҳеч қачон қайтмайди!” – деди Дуда қатъият билан.

Столтенберг: “Украина жасорати дунёни лол қолдирди”

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг эса BBC’га берган интервьюсида халқаро ҳамжамият Россия агрессиясини танқид қилишда давом этиши ва Украинага ёрдамни тўхтатмаслиги ўта муҳимлигини таъкидлади.

“Украина халқининг жасорати бутун дунёни лол қолдирди. Агар биз Украина тараф бўлмаганимизда, ҳеч бир давлат хавфсизликда бўлмас эди”, – деди Столтенберг.

Бразилия президенти Луис Инасиу Лула да Силва Украинадаги урушни мулоқот йўли билан тўхтатиш кераклигини айтди. Унинг фикрича, уруш “БМТ Устави мақсад ва принципларини жамоавий таъминлай олмасликни” кўрсатиб қўйганини айтди.

“Ҳеч бир ечим, агар у мулоқотга асосланмаган бўлса, доимий бўлмайди”, – деди у.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмард Тоқаев ҳам ўз нутқида Украинадаги уруш мавзусига тўхталиб ўтди.

“Барча уринишларга қарамай, дунёнинг турли ҳудудларида можаролар давом этмоқда. Биз тарафларни можарога дипломатик ечим топишга чақирамиз”, – деди Тоқаев.

БМТ Бош ассамблеясининг Нью-Йоркда 19 сентябрь куни бошланган 78-сессияси 23 сентябрга қадар давом этади.

 

 

    Бошқа янгиликлар