1

«Кичик пешанамга битган катта бахт»

СУҒДИЁНА 26.10.2016, 11:02
Теглар: Аёл, Эркак, Оила, Эр-хотин, Бахт
«Кичик пешанамга битган катта бахт»

Шундай елка бўлса, бошингни бемалол қўйсанг, шундай юрак бўлса, туйғуларингни иккинланмай топширсанг... Узоқ изладим, тўғрироғи, ҳаддан зиёд кутдим... Сизсиз ўтган йилларимга ачинмайман, Сизни таниб-танимай кутганимдан миннатдорман... Атрофимдагилар менга ҳамиша вақтнинг ўтаётганини, тезроқ оилали бўлиш ва оналик бахтига эришиш шартлигини айтарди. Баъзида «Улар тўғри айтаяпти, шоша қол, таваккал турмушга чиқ», дерди нотаниш овоз. Шунда ички бир ҳайқириқ, «Аллоҳнинг атагани бор, сабр қил, фурсати келади», дея таскин берарди. Иккинчи овоз орзуларимга яқин эди, балки ўша орзумнинг овозимиди, яна билмадим...

Аёл шундай бир хилқатки, эришмоқчи бўлсанг, унинг меҳрини кўзла... Қачон қаерда эшитганман ёки ўқиганман аниқ билмайман, аммо тўғри гап. Агар кимдир сизни муҳаббатингизни қозониб эвазига яна муҳаббат қайтарса билингки, бу БАХТ! Бугун юрагимда Сизга аталган миннатдорчилик бор. Тўғриси, ҳар куни қайсидир сўзим, қандайдир вазиятларда изҳорларим айтилади. Лекин улар денгиздан томчиларга ўхшайди. Мен эса ҳамиша Сизга ўша ДЕНГИЗни илингим келади...

Одам зоти ғалати, ўзига нима кераклигини баъзида билмайди, ёки билса ҳам ўзини қийнайверади. Онам «Сен билан яшаш қийин», дерди. «Нима учун, бинойидек қиз бўлсам?» дердим ярми ҳазил, ярми чин билан... Ҳар сафар онамнинг ўша ширин киноясини эслаб, сиздан «Яшашга қийналмаяпсизми?» деб сўрайман. Сиз бўлса, кулиб қўясиз... Бу ҳазил саволдир, лекин жавобини жиддий эшитгим келади. Шунчаки табассум хаёлнинг минг бир кўчасига элитади ва мен ўша кўчаларда адашиб кетаман... Бугун Сиз ҳақингизда ёзгим келди. Тўғриси, нима деб бошлашни билмай қийналдим. Бошладим, энди эса қандай давом эттиришга ҳайронман... Бу Сизга айтадиган гапларим йўқлигидан эмас, шунчаки ЁЗА ОЛМАСЛИГИМдан. Аммо уриниб кўраман!

Жуда ғалати одамсиз. Нима учундир шу ғалатилигингизни яхши кўраман. Баъзида Сизга нима кераклигини билмай тажанг бўлиб кетаман. Тузи паст овқатимни мақтайсиз, нимагадир улгурмасам, «Ҳечқиси йўқ, амаллаймиз», деб таскин берасиз. Шунда жаҳлим чиқади. «Менинг ҳаракатларим яхши эмас-ку, нима учун асабийлашмайсиз?» деб сўрагим келади. Кейин Сизни бефарқликда айблайман... Баъзида Сиз учун кун бўйи уринганимни сезмайсиз. Уйнинг саришталиги, тоамномадаги ўзгаришлар ва менинг кўринишим... Худди одатий кундек муносабат... Ўйлаб кўрдим ва ўзимча жавоб ҳам топгандекман. Мен ҳам баъзида Сизни ва уринишларингизни илғамай қоларканман, эътиборингизга қандайдир ташвишлар билан жавоб бера олмасам, энди эслаяпман ҳафсалангиз пир бўлар экан... Кечиринг!

Пешона, тақдир... Менинг кичкина пешонамга Сиздек катта бахт битилганига шукр. Лекин Сиз учун ҳам Мен фақат ва фақат БАХТ эканлигимни ҳис этишга имкон беринг. Бу жуда муҳим! Ҳозир жуда ғалати ёзаяпман, кимдир ўқиса, хаёли паришон шекилли, деб ўйлаши мумкин. Майли ўйлайверсин, муҳими Сиз мени нима демоқчилигимни англасангиз бас. Ўзингиз айтгансиз-ку, Сени узоқдан бўлса-да илғайман, деб... Демак, ёзганларим ва ёза олмаётганларимни ҳам, албатта, ЎҚИЙСИЗ! Ҳа, айтганча, сезаяпсизми фарзандимиз тез улғаяпти... У ҳар сонияда қувонч беради, бу бахтиёрликнинг аксини чеҳрангиздан топиш катта саодат! Гоҳида, “Қуйиб қўйгандек ўзим”, десангиз, “Йўғ-ей, сизга шундай кўринаётгандир”, дейман. Аслида унинг ҳар бир ҳатти ҳаракатидан Сизни топаман... Гоҳида ёзғираман, нималардандир нолиб қоламан, бу Сизга нисбатан ЭЪТИРОЗ эмас, ЭҲТИЁЖ...

Ишонинг, Сизни камчиликларингиз билан қабул қиламан. Мен ИДЕАЛ РАФИҚА эмасман, Сиз кўрмаган, ҳали дуч келмаган камчиликларим бор... Ёзганларимни балки ўқирсиз, эҳтимол гапларим хаёлингизни бир бурчига ҳам келмас... Узоқ, жуда узоқ йиллар ёнимда бўлинг, ёнингизда бўлай. Сочларимиз бирга оқарсин, кўзларимиз хиралашиб, юзларимизга ажинлар тушганида ҳам худди бугунгидек бир-биримиз учун қадрли бўлайлик. БОРИНГИЗГА ШУКР!

Ҳурмат билан РАФИҚАНГИЗ

Шарҳлар

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп?

26.09.2021, 17:45

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп? Давлат статистика қўмитаси маълумот берди. Унга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида жами 8 871 412 та оила...
Аёлни қотилликка бошлаган рашк: Янгийўллик жувон бошқа аёлга уйланмоқчи бўлган шаръий никоҳидаги эрини ўлдириб қўйди...

23.08.2021, 16:08

Қишнинг қировли кунларидан эсон-омон чиқиб олган Комилжон ота кенжа фарзанди Муродни (исм-шарифлар ўзгартирилган) уйлаш мақсадида тўй тайёргарликларини бошлаб юборди. Узоқ изланишлардан сўнг қиз ҳам топилди. Бироқ унаштирув...
Аёлнинг жони қирқта, аммо қисмати биттами? Ёхуд зўравонлик ва тазйиқ қурбонлари… (видео)

01.06.2021, 18:32

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда хотин-қизларнинг таҳқирланиши, аёвсиз калтакланиш ҳолатлари акс этган хабар ва воқеалар ҳақидаги чиқишлар кескин ортиб кетди. Аммо бу каби вазиятлар кечагина содир...
Ўзбекистонда 2030 йилга қадар оила институти янада мустаҳкамланади

27.05.2021, 16:56

АОКАда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.Анжуманда  “Ўзбекистон Республикасида оила институтини 2030 йилгача янада мустаҳкамлаш концепцияси” мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1