АсосийJamiyat

“Масжид қуриш яхши, лекин бугун мактабга жуда катта эҳтиёжимиз бор” — муфтий Нуриддин Холиқназаров (видео)

'“Масжид қуриш яхши, лекин бугун мактабга жуда катта эҳтиёжимиз бор” — муфтий Нуриддин Холиқназаров (видео)'ning rasmi

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназаров илм олиш, унга рағбат уйғотиш ва шароит яратишнинг ҳам савоби катталиги ҳақида гапирди.

“Қуръони Каримда биринчи келган оят илм бўлди. Сураларни ўрганиб чиқсангиз, жуда кўп жойда Аллоҳ илмга тарғиб қилган… Илм олишлик ҳар бир мусулмон — эркак ва аёлга фарз деганлар… Илм, олимлик — мана бу Исломнинг энг биринчи шиорига айланди. Чунки илмли одам Аллоҳни танийди, маърифатли одам юртини, Ватанини севади, бошқаларга яхшилик қилади. Динимиз жаҳолат эмас, маърифат устига қурилган. Масжид қуришлик яхши, биз мана бу ерга масжид қуринг, деган жойга қуриб берса — савоб. Лекин бугун мактабга жуда катта эҳтиёжимиз тушяпти. Чунки мактаб бизнинг келажагимиз. “Тасаввур қилинг, ҳар йили 1 миллион бола учун ўқув шароитини яратиш керак. Давлатимиз раҳбари, ҳукуматимизга минг раҳмат, мактаблар қилиб беряпти… Лекин юртнинг фидойи инсонлари, бой-бадавлат кишилар шу юртдан маблағ топяпсиз, келажагимиз, болаларимиз учун мактаб қуриб беринг. Боғчалар, шифохона, йўл, кўприк қуринг. Мана бу ҳам жуда катта савоб.

Масжид қуриш дегани бу мусобақалашиш дегани эмас, бу ибодатхона. Шунақа бир лойиҳалар билан келишяптики, ҳайрон қоласиз. Битта минора қуриш учун салкам 3 миллиард сўм кетар экан. Шу битта минорани қурсак, халқимиз маънавиятига, ёшларимиз илмига, камбағал бўлиб қолган кимсаларга нима ёрдам беради, деган саволни беряпман. Йўқ, ҳеч нарса қилмайди битта минора. Бу исроф эмасми?! Мана шу 3 миллиард пулга битта чиройли мактаб тушар экан, шу пул қанча беморга ёрдам берса бўлади”, — дейди Мусулмонлар идораси раиси.

 

    Бошқа янгиликлар