АсосийSUG'DIYONA

«Хўп бўлади, хўжайин!» Оилада ким «бошлиқ»? Аниқлаймиз!

Мармар тошлар билан безатилган қасрга кираверишда иккита эшик бор эмиш. Бирига «Хотинининг гапига қулоқ солган эркаклар учун», иккинчисига эса «Хотинига хўжайинлик қилган эркаклар учун» деб ёзиб қўйилибди. Биринчи эшик олдида турна қатор бўлиб навбат кутаётганлар кўпмиш, иккинчисининг қаршисида эса биргина  эркак ёлғиз ўзи турармиш. Ҳайрон бўлган Афанди шу эркакнинг олдига бориб, «Хотинингизга ростан ҳам хўжайинлик қилганмисиз? Қаранг, сиздакаси битта экан!» – деса, суҳбатдоши «Йўғе, хотиним уни шу ерда кутишимни тайинлаганди», дермиш.

Бу бор йўғи бир латифа, ҳурматли эркаклар биздан асло ранжиманг! Азиз дугоналар, сиз эса қувонишга шошилманг! Зеро, ҳар бир ҳазил ортида оз бўлса-да ҳақиқат борлигини инкор этолмаймиз. Хўш, сизнинг оилангизда етакчи ким? Қуйидаги тест ёрдамида бунга аниқлик киритамиз!

1. Оила, уй юмушларини қай тарзда тақсимлайсиз?

А) Хизмат вазифамиздан келиб чиққан ҳолда.

Б) Ҳар кимнинг қайcи ишни бажариши ўз ихтиёрига боғлиқ.

В) Улар тўлалигича менинг (эркак) зиммамда.

2. Ҳал қилувчи вазиятларда эр-хотин бир-бирингизга кўмак бера оласизми?

А) Барча муаммоларни эркак киши ҳал қилиши лозим, бизнинг оилада айнан шундай.

Б) Ҳаракат ва маслаҳатлар билан бир-биримизни қўллаб-қувватлаймиз.

В) Ҳар ким ўз муаммосига ўзи ечим топади, аниқроғи эримнинг мен ва фарзандларимиз билан иши йўқ.

3. Фарзандларингиз олдида отасининг ҳурматини сақлай оласизми?

А) Албатта, мудом.

Б) Болаларимиз улар учун ким кўпроқ жон куйдираётганини айтмасак ҳам яхши тушунишади.

В) Йўқ.

4. Турмуш ўртоғингизни фикри ёки қарорини муҳокама қиласизми? Масалан, у бирор ерга «Бормайсан» деса, айтгани бўладими?

А) Ҳа, турмушимизнинг бошидан шундай. Эримнинг гапи қонун!

 Б) Эримнинг айтгани-айтган, дегани – деган эмас. Гоҳ жанжал, гоҳ яхши гап билан ўз истагимга эришаман.

В) У фарзандларимизнинг отаси, аммо шахсий масалаларимни ўзим ҳал қиламан.

5. Жуфти ҳалолингиз билан уришиб қолдингиз...

 А) Бир-бирингизни диққат билан тинглаб, гаплашиб оласиз.

Б) Бир-бирингизни тинглашга ҳаракат қиласиз, бироқ ҳар доим ҳам бунинг уддасидан чиқолмайсиз.

В) Кўп ҳолларда суҳбат жанжалга айланади ва узоқ давом этади.

6. Эрингизга ойлик маошини уйга олиб келиш кераклигини мунтазам эслатиб туриш лозимми?

А) Йўқ, керак эмас.

Б) Гоҳида унутиб қўяди ёки ўзини шундай кўрсатади.

В) Бизнинг пулимиз умумий эмас. Ҳар ким ўзи топганини билганича сарфлайверади. Фарзандлар билан боғлиқ ҳаражатларни эса 50/50 қоплаймиз.

7. «Оила бошлиғи» деганда рўзғорга катта молиявий улуш қўшувчи ва тақсимловчи  инсон тушунилса, бу «унвон» кимга тегишли бўлиши ҳақида тортишувлар бўлиб турадими?

А) Йўқ, бизнинг оилада тан олинган етакчи бор. У — эрим.

Б) Пул билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда ўзаро фикр алмашамиз. Тан олишим керак, оила ғазнасига кўпроқ пул қўйган одамнинг гапи инобатга олинади.

В) Ҳа,бўлиб туради.

8. Қабул қилган қарорингизни ҳаққонийлигини билсангиз ҳам, бу ҳақида турмуш ўртоғингиз билан маслаҳатлашиш зарур деб биласизми?

А) Ҳа, унинг фикри мен учун муҳим.

Б) Жуда кам ҳолларда. Шунда ҳам фарзандларнинг олдида эримнинг ҳурмати йўқолмаслиги учун.

В) Йўқ.

9. Эрингизнинг дўстлари, улар билан бирга футболга бориши, чойхонада ўтириши, гап-гаштакларда қатнашиши каби масалаларга фикрингиз қандай?

А) Эркак баъзан оила ва ишдан дам олиб туриши керак.

Б) Ёқмайди, аммо яна жанжал кўтармасин дея барчасига кўз юмаман.

В) Кўрпасига қараб, оёқ узатса дейман. Зиёфатларга пулини совуришига йўл қўймайман.

10. Агар сизга умр йўлдошингизни қайта танлаш имконияти берилганида...

А) Айнан мана шу жуфтимни қайта танлаган бўлардим.

Б) Жавоб беришга иккиланаяпман.

В) Шубҳасиз, бошқани танлардим.

 

Йўриқнома

Агар сиз берилган жавоблардан “а”ни танлаган бўлсангиз — 4 балл ёзинг, “б”га эса — 2 балл. Ва ниҳоят “в” жавоби учун 0 балл берилишини инобатга олинг.

Натижаси нима бўлди?

40 баллдан – 28 баллгача

Сизнинг никоҳингиз бир-бирини ҳурмат қилувчи ҳамда севувчи икки тенг ҳуқуқли инсонларнинг иттифоқидир. Ўртангизда дўстона муносабат ва келажак учун умумий мақсадларнинг борлиги ҳам оилангизни мустаҳкамлайди. «Ким бошлиқ» деган савол сизлар учун ўринсиз. Аёл киши эркакни ҳар қандай вазиятда ҳурмат қилиши лозимлигини яхши тушунасиз. Ва жуфтингизни ҳар қандай вазиятда қўллаб-қувватлайсиз. Сиз эрингизга буйруқ бериб эмас, ширин сўз билан айтганингизни қилдириш кучига эгасиз.  

27 баллдан – 15 баллгача

Оилада эрингиз билан тенгма-тенг, меҳнат қиласиз. Турмуш ўртоғингиз бажараётган ишларнинг деярли барчасидан кўнглингиз тўлмайди. Бунинг сабаби нимадалигини ўзингиз ҳам аниқ айтиб беролмасангиз керак. Жуфтингизга бирор юмушни илтимос қилиб, қачон бажариб бўлишини кутиш сизга малол келади. «Ундан кўра ўзим қилганим яхши», деб барчасини ўз гарданингизга бирма-бир юклаётганингизни англаяпсизми? Бу кетишда эрингиз сиз ва фарзандларингизга қўл силтамасмикан? Феълингизни бироз кенгроқ қилинг. Акс ҳолда, рўзғор, оила, болаларнинг барча муаммоларини бир ўзингиз ҳал этишингизга тўғри келади.

14 баллдан – 0 баллгача

Оилангизда матриархат тузуми давом этмоқда. Бунинг икки сабаби бўлиши мумкин: эрингиз табиатан бўш инсон, ёки сизнинг кучли характерингиз уни шу аҳволга солган. Ўйлаб кўринг, қай вариант сизга тўғри келади? Турмуш ўртоғингиз балки сизга нисбатан маъсулиятсизроқдир, камроқ пул топар. Аммо у фарзандларингиз отаси! Уни болаларингиз олдида беҳурмат қилишга асло ҳаққингиз йўқ! Отасининг оила аравасини торта олмаётганини кўрсатганингиз билан фарзандларингиз сизни кўпроқ яхши кўришмайди. Ҳурматингиз ошиб қолмайди. Оила қўрғони ичида қандай вазият ҳукмрон бўлиши сизга боғлиқ, маслаҳатимиз, эрингизни атрофдагилар кўз ўнгида оила бошлиғи сифатида муомалада бўлинг. Балки шу билан у ўз вазифалари нималардан иборат эканлигини ёдга олар.

Дилноза Шуҳрат қизи тайёрлади 

    Бошқа янгиликлар