18 октябрь куни Озарбайжонда умумхалқ байрами – бундан роппа-роса 32 йил аввал давлат мустақиллигини тиклаган кун кенг нишонланди. Икки йилдан буён Озарбайжон бу кунни 30 йиллик адолатсизликка барҳам бериб, ҳудудий яхлитлиги ва тарихий адолатини тиклаган ғолиб давлат сифатида бошини баланд кўтариб нишонламоқда.
1991 йил 18 октябрда Республика Олий Кенгаши Озарбайжоннинг давлат мустақиллиги тўғрисидаги Конституциявий актни қабул қилди ва ўша йилнинг 30 декабрида ўтказилган референдум бу ҳужжатни қонуний расмийлаштирди. Шундай қилиб, Озарбайжон давлат мустақиллигига эришди.
Дастлаб бу байрам Давлат Мустақиллиги куни деб аталган, аммо Озарбайжон парламентининг 2021 йил 12 октябрдаги ялпи мажлисида қонун қабул қилинган, унга кўра 18 октябрь мамлакатда Мустақилликни тиклаш куни сифатида нишонланади.
Мустақилликнинг дастлабки йиллари бўлган давр жуда оғир эди – озарбайжон халқи Арманистоннинг ҳарбий тажовузи, арман босқинчиларининг халққа қарши амалга оширган этник тозалашига дуч келди. Шу билан бирга, мамлакат чуқур сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий инқирозга юз тутди. Фақат 1993 йилда умуммиллий лидер Ҳайдар Алиевнинг республика раҳбариятига қайтиши туфайли Озарбайжон фуқаролар уруши хавфини бартараф этишга муваффақ бўлди, сепаратистик тенденцияларга чек қўйилди, давлат ва халқ бирлиги таъминланди, негиз мустаҳкамланди, иқтисодий тараққиёт йўлга қўйилди.
Шу йиллар давомида маълум кучлар Озарбайжон давлат мустақиллигини мустаҳкамлаш йўлида жиддий тўсиқлар яратишга уринганига қарамай, халқ уни асраб-авайлаш ва мустаҳкамлашга муваффақ бўлди. Мустақил Озарбайжонни дунё тан олди ва айни дамда давлат жаҳон ҳамжамиятининг энг нуфузли аъзоларидан бири, геосиёсий муҳим минтақа, барқарор иқтисодиёт ва кучли армияга эга давлат ҳисобланади.