Аввал хабар қилганимиздек, Тошкент метрополитени "Ерусти ҳалқа йўли" йўналишининг II босқичини фойдаланишга топшириш ишлари доирасида 2023 йил 3-5 ноябрь кунлари, 3 кун муддатга, "Толариқ" (10-бекат), "Хонобод" (11-бекат) ва "Қурувчилар" (12-бекат) бекатларида поездлар ҳаракати тўхтатилди.
Шу муносабат билан, йўловчилар ташиш узлуксизлигини таъминлаш мақсадида йўналиш бўйлаб автобуслар ҳаракати йўлга қўйилди. Бу ҳақда "Тошшаҳартрансхизмат" АЖ Ахборот хизмати хабар қилмоқда. Хусусан:
- 1М-сонли “Чинор бекати – Қурувчилар бекати” оралиғида ҳаракатланувчи автобус йўналиши ҳаракати Қиёт метро бекатигача узайтирилади. Ушбу йўналишда ҳаракатланувчи автобуслар сони 5 та этиб белгиланди. Йўналишда "Кинг Лонг" русумли 18 метрли автобуслар тасарруф этилади. Йўналишдаги автобуслар оралиқ интервал вақти 10 дақиқа этиб белгиланди. Йўналиш фақатгина метро бекатларида йўловчиларни автобусларга чиқариб туширишни амалга оширади.
Қайд этилишича, ҳозирги кунда, ерусти ҳалқа метро йўналишининг Қиёт бекатидан Қурувчилар бекатигача бўлган оралиғида 2 та (55, 130-сонли) автобус йўналишлари мунтазам фаолият юритмоқда. Ушбу йўналишларда жами 22 та "Ютонг СНГ" автобуслари 10-12 дақиқалик оралиқ интервал билан ҳаракатланади. Метрополитен хизматларидан фойдаланувчи йўловчилар 55, 130-сонли автобус йўналишлари хизматларидан ҳам фойдаланишлари имконияти мавжуд.






