Darakchi. uz мухбири Франция Президенти Эммануэль Макроннинг мамлакатимизга ташрифининг аҳамияти ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бош илмий ходими Шаҳноза Қодирова билан суҳбатлашди.
Эммануэль Макроннинг Ўзбекистонга биринчи ташрифи қанчалик аҳамиятли?
Макроннинг мамлакатимизга келиши 1994 йили Франция Президенти Франсуа Миттераннинг Тошкентга бўлган ташрифидан кейинги биринчи ташриф бўлди. Аммо ривожланиб бораётган кўпқиррали ўзбек-француз муносабатлари шуни кўрсатмокдаки, айнан икки давлат раҳбарлари ўртасидаги ўзаро ишонч ва дўстликка қурилган алоқалар бошқа йўналишдаги ҳамкорликни янги сифат даражасига олиб чиқишга сезиларли туртки бўлмокда.
Азалий дўстона муносабатларнинг янада чуқурлашиши давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил ва 2022 йилларда Франция давлатига бўлган давлат ташрифларининг самарадор натижаси бўлса, куни кеча Самарқандда бўлган икки томонлама саммит уларнинг мантиқий давоми сифатида кўрилади.
Жумладан ташриф натижасининг энг аҳамиятли жиҳати бу – кўпқиррали икки томонлама муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтаришга келишиб олинди. Бу давлатлар ўртасида ўрнатилган алоқаларнинг юқори бир сифат нуқтаси ҳисобланиб, ҳар соҳада эришилган ютуқлар кўлами инобатга олинган ҳолда икки томон ўзаро ҳайрихоҳлиги асосида келишилади.
Ишончимиз комилки ташриф давомидаги ҳзаро мулоқот, имзоланган ҳужжатлар шундан далолатки Ўзбекистон Франция икки томонлама ҳамкорлик ва дўстлик алоқалари янада мустаҳкамлашда хизмат қилади.
Охирги 29-йил ичида биринчи марта Франция Президенти Ўзбекистонга келди. Франциянинг юртимизга муносабати танқидий тусдан ижобий томонга ўзгарди. Бунинг асосий сабабларини нималарда кўрасиз?
Дарҳақиқат Франция Европанинг айрим давлатлари қаторида Ўзбекистоннинг танқидчи мамлакатларидан бири эди. Охирги 5-6 йилларда бу ҳолат ижобий тус олиб, Франция томонининг Ўзбекистонга қизиқиши ортиб бормокда.
Бунга асосий сабабларини юртимизда олиб борилаётган ортга қайтмас ички ислоҳотлар сиёсатининг ҳамда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Марказий Осиё минтақасида амалга оширилаётган яхши қўшничилик, тинчликни таъминлаш ва барқарор ривожланишга қаратилган оқилона сиёсатнинг самараси ва эътирофи деб биламан.
Айнан шу сиёсат ҳлароқ мамалакатимиз охирги йилларда кўплаб халқаро доираларда фаол, дунёнинг қатор етакчи давлатларининг қизиқиши ортмоқда, ўзаро ташрифлар фаоллашмокда. Ҳзбекистон жаҳон ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнига, овозига эга бўлиб, буни мустаҳкамламокда.
Ўз ўрнида Марказий Осиё минтақаси ўзининг географик жойлашуви, стратегик хом ашё базаси салоҳияти, инсон ресурслари имкониятлари билан дунёда барқарор ривожланиб бораётган ҳудудга айланди.
Айнан француз раҳбари ҳам буни Самарқанддаги баёнотида таъкидлаб ўтди. Унинг сўзларига кўра «Ўзбекистон томонининг ташаббуслари билан олиб борилган сиёсат натижаси ўлароқ охирги 7 йилда Марказий Осиё барқарор тинч ва иқтисоди жадал суръатларда ривожаланаётган ҳудудга айланди. Бу йулда расмий Париж сизни доим қўллаб қувватлайди ва амалий ёрдам кўрсатади». Дунёнинг илгор давлатлари қаторида бўлган Франциянинг бундай эътирофи юксак аҳамиятга эга.
Қолаверса жаҳон ҳамжамиятида кечаётган мураккаб геосиёсий ва иқтисодий муаммолар ва хатарлар мамалакатлар биргаликда янада яқинрок ҳаракат қилиш ва янги имкониятлар излашни тақозо этмоқда
Икки президент ҳузурида 8 та шартнома имзоланди. Бу биз учун қанчалик аҳамиятли?
Имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон учун муҳим аҳамият касб этади. Негаки улар кўлами кенгайиб, янги йўналишларни қамраб олмоқда. Энергетика, тоғ-кон саноати, сув таъминоти, инфратузилмани ривожлантириш, транспорт, қишлоқ хўжалиги, банк ва молия каби соҳаларда қатор йирик лойиҳалар аллақачон ўзининг натижасини кўрсатаётган бўлса, «яшил» иқтисодиёт, хомашёни илғор технологиялар ёрдамида қайта ишлаш, саноат товарларини экспорт қилиш, уран конларида геология-қидирув ишларини кенгайтириш, қишлоқ хўжалигида рақобатбардошликни ошириш каби соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди.
Бизга маълум Франция юқорида санаб ўтилган соҳаларда нафақат Европада, балки дунёдаги энг илгор давлатлардан ҳисобланади. Бой француз тажрибасидан фойдаланиш ва амалга тадбиқ этишда Ўзбекистон манфаатдор.
Бунинг оқибатида ўзбек иқтисодиётини модернизация қилиш, юқори сифатли маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва уларни экспортга йўналтиришни кенгайтиришга эришиш асосий мақсадлардан бири.
Шундай экан бу саъи-ҳаракатлар аввало тадбиркорларимиз, ишлаб чиқарувчи корхоналаримизни иқтисодий салоҳиятини оширади, имкониятларини кенгайтиради. Бу халқимиз турмуш фаровонлиги юксалиши дегани.
Шуни таъкидлаш лозимки нафақат савдо иқтисодий балки таълим ва илм-фан йўналишида ҳам илдамланиш кузатилмоқда.
Ўзбек ёшлари ўртасида О.Бальзак, Виктор Гюго тилини ўрганишга бўлган қизиқиш тобора ортмокда. Бугунги кунда уларнинг сони 200 мингдан ортиқ.
Мазкур йуналишни янада юқори даражага кўтаришни мақсад қилган ҳолда Самарқандда бўлиб ўтган саммитда француз альянсининг Самарқанд филиали тантанали равишда очилди. Ундан ташқари мактабгача, мактаб, профессионал ва олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик бўйича баённома имзоланди.
Икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида фикрингиз....
Узоқ тарихга эга ўзбек-француз ҳамкорлигининг истиқболларини юқори баҳолайман. Бўлиб ўтган саммит натижалари ва унинг доирасида имзоланган ҳужжатлар кўлами Тошкент ва Париж ўзаро ҳамкорлик ва шериклик муносабатларини янги сифат босқичига оширишга бўлган максадларини якдил ва ҳамоҳанг эканлигини тасдиқлади. Кўриниб турибдики, иккала томон ҳам ўзаро ҳамкорликнинг аниқ контурлари ва устувор йўналишларига эга.
Ишонч билан айтишимиз мумкинки, келгусида энг муҳим йўналишлардаги янада яқинроқ ва мақсадли ҳамкорлик нафақат икки томонлама алоқаларда, балки Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи давлатлари даражасида ҳам тобора кенгайиб бораётган ҳарактер касб этади.






