АсосийJamiyat

Ўзбекистонда келгуси йил 2 миллион аҳоли тадбиркорликка жалб қилинади

'Ўзбекистонда келгуси йил 2 миллион аҳоли тадбиркорликка жалб қилинади'ning rasmi

Барча мамлакатларда кичик ва ўрта бизнес субъектлари инновацияларнинг ва янги иш ўринларини яратишнинг асосий воситасидир. Улар иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширишга ва бошқа тармоқларни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратишга ёрдам беради. Шу муносабат билан кичик ва ўрта бизнесни қўллаб қувватлаш давлатларнинг асосий вазифаларидан бирига айланган.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда жамиятимизнинг барча соҳалари каби мазкур йўналишда ҳам бир қатор инқилобий ўзгришлар олиб борилмоқда. Мисол тариқасида тадиркорлар муаммоларини ва уларни қийнаб турган тўсиқларни бартараф қилишга қаратилган – энг олий даражадаги – Президентнинг тадбиркорлар билан учрашувини келтиришни ўзи кифоя.

Кичик ва ўрта бизнесни қўллаб қувватлашга қаратилган яна бир янгилик бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолини кичик ва ўрта бизнесга кенг жалб қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қароридир.

Мазкур Қарорда бир қатор муҳим жиҳатлар кўзда тутилган бўлиб унинг асосий вазифаларидан бири бу 2024 йилда 2 млн аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш бўйича қуйидаги тизимни жорий этишдир:

а) аҳоли ва тадбиркорларни ўқитиш, лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашиш ва шу орқали “оилавий тадбиркор – микро бизнес – кичик бизнес – ўрта бизнес” занжири йўлга қўйилади;

б) “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ, “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ ва бошқа ҳамкор тижорат банкларидан иборат яхлит молиявий тизим асосида кичик ва ўрта бизнес лойиҳалари молиявий қўллаб-қувватланади. Хусусан:

- оилавий тадбиркорлик дастурига – 10 трлн сўм (Халқ банки ва Микрокредитбанк);

- микромолиявий хизматлар оммабоплигини ошириш дастурига – 3 трлн сўм ва 100 млн доллар (Микрокредитбанк ва Халқ банки);

- “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” дастурига – 6 трлн сўм ва 800 млн доллар (Бизнесни ривожлантириш банки);

-“Ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш дастури”га – 1,5 трлн сўм ва 100 млн доллар (Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси) ажратилади.

в) кичик бизнесга кўмаклашиш марказлари ва Тадбиркорликни ривожлантириш компаниясида ҳамда тадбиркорлик бўйича электрон платформаларда тадбиркорликка ўқитиш, лойиҳаларни молиялаштириш ва барча босқичларда ҳамроҳлик қилиш йўлга қўйилади.

Ушбу мақсадларда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан кичик бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун Бизнесни ривожлантириш банкига жами 300 млн доллар, шу жумладан 75 млн доллар банкнинг устав капиталини оширишга ва 225 млн доллар 15 йил муддатга 5 фоиз ставкада субординар қарз сифатида маблағлар ажратилмоқда.

Шу билан биргаликда яқинда трансформацияга учраган қуйидаги ташкилотларда 2024–2026 йиллар учун кейинги мақсадли кўрсаткичлар (KPI) белгиланмоқда:

а) Бизнесни ривожлантириш банки – 150 минг кичик тадбиркорлар фаолиятини йўлга қўйиш ва кенгайтиришга масъул бўлади ва бунинг учун халқаро молия ташкилотларидан 1,2 млрд доллар жалб қилинади ва 300 млн доллар евробонд чиқарилади;

б) Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси – ўрта бизнесни 2,5 бараварга (10 мингдан 25 мингга) оширишга масъул бўлади ва бунинг учун молиявий хизматлар 8 трлн сўмдан 14 трлн сўмга етказилади, 300 млн доллар евробонд чиқарилади ҳамда 450 та корхонага улуш киритилади ва хизматлар ипотекаси берилади.

    Бошқа янгиликлар