Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг – 2023 йилда “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони билан тақдирланганди. Ўзбекистоннинг дўсти ва яқин ҳамкори ушбу мукофотга инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун сазовор бўлди. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Мамлакатимиз делегациясининг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси 75 йиллиги тантаналарига бағишланган расмий-маданий тадбирларда иштирок этиш учун жорий йил 10-12 декабрь кунлари Швейцарияга амалга оширган ташрифи доирасида Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби билан ҳам учрашув бўлди. Ўзаро мулоқот асносида делегация раҳбари – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов мукофотни эгасига тантанали равишда топширди.
М.Чунгонг ўзи раҳбарлик қилаётган халқаро ташкилот фаолиятида, шунингдек, парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш ва қўшма тадбирларни муваффақиятли амалга ошириш борасида Ўзбекистон парламентининг ўрни алоҳида эканини таъкидлади. Шу муносабат билан парламентлараро ҳамкорликни кучайтиришга қўшган улкан ҳиссаси учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга ўз миннатдорчилигини изҳор этди.
Мулоқот асносида БМТ Бош Ассамблеяси 2022 йил 14 декабрда қабул қилган “Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюция ҳам айнан Ўзбекистон ташаббуси самараси экани яна бир бор эътироф этилди. Парламентлараро Иттифоқ Бош котибининг фикрича, Ўзбекистон ижтимоий ҳимоя ва гендер тенгликни таъминлаш, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, аҳолининг таълим даражасини ошириш ҳамда ёшлар билан ишлаш соҳаларида беқиёс тажрибага эга.
Суҳбат якунида М.Чунгонг Парламентлараро Иттифоқнинг 2025 йилга белгиланган 150-Ассамблеясини Ўзбекистонда ўтказишга тайёрлигини маълум қилгани учун мамлакатимиз парламентига миннатдорчилик билдирди.