Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Умра амалини бажариш учун Макка ва Мадина шаҳарларига келган ва Ватанга қайтиш билан боғлиқ муайян қийинчиликларга дуч келган ўзбекистонлик зиёратчилар ҳақида видеолар тарқалган эди.
Шундан сўнг, Диний қўмита фуқароларни олиб келиш бўйича чоралар кўрилаётганини маълум қилди. Айни пайтда Туризм қўмитаси “Panorama airways” томонидан парвозларнинг кечикиши туфайли фуқароларнинг "Умра" сафаридан қайта олмаётганлиги юзасидан расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 8 августдаги 345-сонли «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишда зиёратчиларнинг манфаатларини самарали ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди.
Қарорга мувофиқ, туристик фаолиятни амалга ошириш лицензияси чиқиш туризми кичик турининг "Умра" хизматларини кўрсатиш фаолияти бўйича қуйидаги қўшимча лицензия олиш учун талаблар ва шартлар жорий этилган эди:
• "Умра" хизматлари давомида зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбари этиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан тузиладиган шартнома асосида унинг диний билим ва кўникмаларга эга бўлган мутахассисларини тайинлаш;
• "Умра" хизматларини кўрсатувчи туроператор штатида диний (исломий) таълим йўналишлари бўйича республика таълим муассасаси ёки Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг тегишли бакалавриат таълим йўналиши ёхуд магистратура мутахассислиги битирувчиси бўлган камида бир нафар мутахассиснинг бўлиши;
• "Умра" хизматларини вояга етмаган фуқароларга кўрсатмаслик;
• "Умра" хизматларини Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги ҳамкор ташкилот ўртасида имзоланадиган шартномага мувофиқ амалга ошириш.
• 100 минг АҚШ долларидан кам бўлмаган маблағларни Туризм қўмитасининг Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиб қўйиш.
Мазкур захирадан туроператор томонидан «Умра» хизматларини сифатсиз кўрсатишидан жабр кўрган зиёратчиларга етказилган моддий ва маънавий зарар ўрнини қоплаш учун суд қарорига мувофиқ фойдаланилади.
"Умра" лицензиясига эга туроператорлар тўғрисидаги маълумотлар Туризм қўмитасининг Uzbektourism.uz ахборот порталига жойланиб, доимий равишда янгиланиб борилмоқда.
Афсуски хозирги пайтда айрим «тадбиркорлар» томонидан Умра тадбирларини амалга оширишда етарли тажриба ва кўникмаларга эга бўлмай, «Умра» лицензиясини олмасдан фуқароларимизнинг ишончига кириб, ноқонуний равишда ишлаб келиши учрамоқда. Туризм қўмитаси томонидан бундай маълумотлар ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилмоқда.
Маълумот учун: "Умра" хизматларини сифатсиз кўрсатишидан жабр кўрган зиёратчилар ўрнатилган тартибда мурожаат этишлари мумкин ҳамда уларга етказилган моддий ва маънавий зарар суд қарорига мувофиқ ундириб берилади.






