Сенатнинг Буджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармон лойиҳаси муҳокамасига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Қайд этилишича, иқтисодиётга 275 триллион сўм кредит ресурсларини йўналтириш, шу жумладан, 41 триллион сўмлик микромолия хизматлари кўрсатилишини таъминлаш, банклар томонидан тақдим этиладиган кредит ставкаларини бозор механизмлари асосида 2–3 фоиз бандга пасайтириш учун зарур шароитлар яратиш мақсад қилинган.
Ёшлар ўртасида тадбиркорликни кенг оммалаштириш ва бизнес билан шуғулланишга қўшимча имкониятларни яратиш мақсадида оилавий тадбиркорлик дастури доирасида ажратилаётган кредитларнинг камида 40 фоизи ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга йўналтирилиши кўзда тутилган.
"Ёш тадбиркор" танлови асосида “маҳалла – туман – вилоят – республика” босқичларида ёшларнинг истиқболли бизнес лойиҳа ва ғоялари сараланиши, республика босқичида саралашдан ўтган ҳар бир лойиҳага базавий ҳисоблаш миқдорининг минг бараваригача миқдордаги имтиёзли кредитлар ажратилиши ва кредит ставкасининг 50 фоизи қоплаб берилиши, ғолиб бўлган бизнес лойиҳа ва ғоялар эгалари Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан хорижий давлатларга малака оширишга юборилиши ҳам кўзда тутилмоқда.
Миллий иқтисодиётни ривожлантиришнинг асосий омили сифатида бизнес учун янада қулай шароитларни яратиш мақсадида “Бизнесни қўллаб-қувватлаш дастури” доирасида комплекс қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга ошириш орқали камида 200 мингта янги тадбиркорлик субъекти, шу жумладан, 90 мингта корхона ва 110 мингта якка тартибдаги тадбиркорлар фаолияти йўлга қўйилиши мақсад қилинган. Шунингдек, янги иш ўринларини таъминлаш орқали 5 миллион аҳолининг бандлиги учун зарур шароитлар яратилиши белгиланган.
Қизғин муҳокамалар жараёнида сенаторлар томонидан Давлат дастури лойиҳасига бир қатор таклиф ва тавсиялар берилди.






