Тошкентнинг "Локомотив" жамоаси Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигасининг 2016 йилги мавсуми чемпионига айланди. Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизмати расман маълум қилди.
Олий Лига 29-тур ўйинлари доирасида 17 ноябрь куни чемпионат турнир жадвалининг иккинчи поғонасидан ўрин эгаллаб турган "Бунёдкор" ўз майдонида "Навбаҳор"ни қабул қилиб, 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаб, 1 очкони қўлга киритди ва турнир пешқадами - "Локомотив" билан очколар сонини тенглаштириш учун имконияти қолмади.
"Темирйлчилар" 18 ноябрь куни 29-тур доирасида ўз майдонида бўлган Бекободнинг "Металлург" жамоасига қарши ўйинга чемпион сифатида тушди ва йирик - 4:1 ҳисоби билан ғалаба қозонди.
Ўйин якунлангач, "Локомотив"га чемпионлик кубогини топшириш маросими ўтказилди.
Шу тариқа 2002 йилда ташкил этилган Тошкентнинг "Локомотив" жамоаси ўз тарихида илк бора Ўзбекистон чемпионига айланди.





