АсосийReklama

Сайловчилар Хатамжон Кетмоновнинг сайловолди дастури ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини очиқ баён этишмоқда

Шу кунларда мамлакатимизда муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайловолди ташвиқоти қизғин давом этмоқда. Барча ҳудудларда Ўзбекистон ХДПдан Президентликка номзод Хатамжон Кетмонов ва унинг ишончли вакиллари томонидан  сайловчилар билан учрашувлар юқори савияда ўтказилмоқда.

Жумладан, бугунги кунга қадар Хатамжон Кетмонов юртимиз бўйлаб 11 марта учрашув ўтказди. Уларда 30 мингга яқин сайловчи иштирок этди. Номзоднинг ишончли вакиллари томонидан эса 30дан ортиқ учрашув ташкил қилиниб, уларда 5 мингга яқин сайловчи қамраб олинди. Ўтказилаётган учрашувлар Марказий Кенгаш Сайлов Штаби томонидан мунтазам таҳлил қилиб борилмоқда. Мазкур таҳлилда минтақаларда бўлиб ўтган учрашувдаги маърузаларнинг сайловчилар томонидан энг кўп муҳокама қилинаётган қисмлари умумлаштириб борилмоқда.
Сайловчилар ўтказилаётган сайловолди учрашувларида номзод сайловолди дастурида белгиланган  барча йўналишларга алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Жумладан, Жиззах вилоятида бўлиб ўтган учрашувда иштирок этган Жиззах шаҳар 2-оилавий поликлиникаси мудири Қаршигул Ҳайдарова ўз маърузасида номзод Хатамжон Абдураҳмонович Кетмоновнинг сайловолди дастури билан яқиндан танишиб, унда қатор долзарб вазифалар билан биргаликда, соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш масалалари ҳам алоҳида ўрин берилганлигини алоҳида тилга олган.

  • -    Мен, шифокор сифатида, аввало, номзод дастурида илгари сурилаётган аҳолига юқори сифатли ва мақбул тиббий ёрдамдан кенг фойдаланиш имкониятини таъминлаш масаласи, айниқса, аҳолининг, олис қишлоқ ҳудудларида бирламчи тиббий ёрдамдан қулай ва тез фойдаланиш имкониятини таъминловчи қишлоқ врачлик пунктлари тармоғини кенгайтириш, имтиёзли ва бепул асосда малакали тиббий-санитария ёрдами кўрсатилишини тартибга солувчи тегишли қонун ҳужжатларининг ижроси устидан назорат самарадорлигини ошириш  борасидаги таклифларни жуда ўринли деб биламан, - дейди Қаршигул Ҳайдарова

Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб ўтган сайловолди учрашувида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети магистранти, Президент стипендияси соҳиби Гулжахан Сейтназарова номзодимиз Хатамжон Кетмонов сайловолди дастуридаги аҳолига юқори сифатли таълим олиш ва мақбул тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш масаласи ёшларга қаратилган алоҳида эътибор намунаси эканлигини таъкидлади ва номзод дастурида кўрсатилган бу йўналишдаги таклифлар бугунги кунда аҳамиятга эга бўлганлиги сабабли, сайловолди дастурини қуллаб-қувватлаб, сайловчиларни партиядан кўрсатилган номзод Хатамжон Кетмоновга овоз беришга чақирди.
Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги М.Улуғбек маҳалла фуқаролар йиғини раиси Бозорбой Хидиров дастурда илгари сурилган “Кам таъминланганларнинг ижтимоий-ҳимояси учун курашамиз” шиори остида илгари сурилган ғояларни қўллаб-қувватлади. Айниқса, дастурдаги “Кексаларимиз учун муносиб пенсия таъминоти!”, “Биз кексаларимизнинг фаровон ҳаёти учун масъулмиз” шиорлари мамлакатимиз равнақи, озод ва обод Ватан қолдириш борасидаги ишларга ўз ҳиссасини қўшган кекса авлод учун ҳурмат ва эҳтиромдан дарак эканлигини алоҳида эътироф этди.
Олмалиқ шаҳар Тиббиёт бирлашмаси бош шифокори, Тошкент вилоят кенгаши депутати Қосимова Қизилгул Эрматовна номзод билан сайловолди дастурида сўзга чиқар экан, ўз маърузасида сайловолди дастурида бозор иқтисодиёти ижтимоий йўналтирилган ва энг аввало, жамият манфаатларига қаратилган бўлиши кераклиги хусусида тўхталиб, банд бўлмаган аҳоли бандлигини таъминлаш, саноат, ишлаб чиқаришни янада ривожлантиришга кўмаклашиш, коммунал хизматлар кўрсатишнинг самарасини янада ошириш, таълим ва соғликни сақлаш соҳаларини янада такомиллаштириш ҳамда яна бир қатор долзарб вазифалар дастурда аниқ белгилаб қўйилгани эътиборга молик жиҳат эканлиги таъкидлади.
Фарғона вилояти сайловолди учрашуви қатнашчиси Халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгаши депутати, Риштон тумани “Мискин” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Дилоромхон Назирова Дастурда миллий манфаатларга содиқлик, мамлакат мустақиллигини асраш ва мустаҳкамлаш, Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлигини таъминлаш, фуқаролараро ва миллатлараро ҳамжиҳатлик, ижтимоий барқарорликни сақлаш, Ўзбекистонни ривожланган демократик давлатлар қаторига қўшилиш, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашга қаратилган қатор эзгу мақсадлар ўрин олганлигини қўллаб-қувватлади. 
Номзоднинг жойларда ўтаётган учрашувларида сайловчилар шунингдек, номзод дастурида илгари сурилаётган бир қатор масалалар жумладан, қишлоқ жойларида  муносиб иш ҳақи тўланадиган барқарор иш ўринларини таклиф этаётган, биринчи навбатда, ўзимизда мавжуд бой хомашё ресурслари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни таъминловчи юқори технологик тармоқ корхоналари, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида фаолият юритадиган кичик корхоналарни ташкил этиш орқали меҳнатга лаёқатли аҳолини иш билан таъминлашни янада фаоллаштириш, одамларни ташвишга солаётган муаммоларини ўрганиш ва уларни ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатиш механизмларини янада такомиллаштириш, бу борада янги лойиҳалар, ташаббуслар билан чиқишга қаратилган мақсадлар ҳунарманд ва тадбиркор халқимиз учун айни муддао эканлигини алоҳида таъкидладилар ва номзодни қўллаб-қувватладилар. 
Ҳар бир сиёсий партиядан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодларнинг сайловолди ташвиқотлари авжи палласига чиққан ушбу кунларда сайловчилар томонидан  номзодларнинг сайловолди дастури билан яқиндан танишиш ва унга ўз муносабатини билдириш ва шу орқали ўз фуқаролик позициясини намоён этиш жараёни ҳам қизғин тусга кирди. Юқорида берилган фикрлар ва муносабатлар ана шу фаол жараёндан бир мисол, холос. Фикрлар, мулоҳазалар, муносабатлар давом этмоқда.

Ўзбекистон ХДП МК  Матбуот хизмати

Мақола шартнома асосида чоп этилмоқда

 

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар