1

Она кўнгли болада – бола кўнгли далада...ми!?

МУТОЛАА 22.11.2016, 09:52
Теглар: Юрагимда сақлаганларим, Эркак
Она кўнгли болада – бола кўнгли далада...ми!?

Бир қўшнимиз бор, ўртаҳолгина  ҳаёт кечиради. Қўлидан келмайдиган ишнинг ўзи йўқ. Кези келганда устачилик ҳам қилиб кетаверади.  Хуллас, бола-чақаси билан ҳалол меҳнат орқасидан кун кўради. Ҳар бир инсонда бўлгани каби унда ҳам орзу-ҳавас осмон қадар экан. Тўғри, орзуга айб йўқ. Лекин инсон аввало ҳою-ҳавасга берилмай ҳаётга реал қараш кераклиги унинг мисолида яна ўз исботини топди.  

Кимнингдир гапига кириб Қозоғистонга ишлашга боришга қарор қилди. Йўл ҳаражатлари учун битта қўй сотди. Камига Қозоғистонда иш борлигини айтган, қўшни қишлоқда яшовчи кишиникига кунда қатнайди. Шу тариқа ҳафта-ўн кун ўтди-ю, қўшнимиз кўринмай қолди. Болаларидан сўрасам Қозоғистонга кетганини айтди. 

Саксонни қоралаган касал онасининг оҳу-зорлари ҳам, аёлининг кўзёшлари ҳам, болаларининг эланиб-ёлворишлари ҳам уни фикридан қайтара олмабди. Барибир ўз айтганидан қолмабди. У кетганидан кўп ўтмай, онасининг соғлиғи ёмонлашиб, аҳволи оғирлашди.  Уни кўришга борганларнинг айтишича, фақатгина, Қозоғистонга ишлашга кетган ўғли Баҳромни сўраб алаҳсираётган экан. Маҳалламиздаги ёши катта онахонларнинг сўзларига кўра, Турдиҳол момо ўғлидан хавотир олаётгани учун жон таслим қилиши қийин кечаётган экан. Тўшакка михланган кампир орадан бир ойларча вақт ўтгач оламдан ўтди. Қўшнимиз Баҳром акадан эса дарак йўқ. Турдиҳол момонинг таъзиясида қишлоқдаги ёши улуғ отахонлар бош ирғаб, “Баҳромбойга қийин бўлди, онасини сўнгги манзилга кузатолмади. Бунинг юки оғир бўлади-да” каби гапларни айтиб, пичирлашарди...   

Турдиҳол момо вафотидан бир ойларча ўтиб, ўғли Баҳром Қозоғистондан қайтиб келди. Онасининг ўлими ҳақида билмайди, эшитмаган, қишлоқнинг бошида машинадан тушиб, яхши кайфиятда сумкасини орқалаганча, бемалол юриб келмоқда. Унинг юз-кўзидан соғинч ҳислари жўш уриб турибди. Бизнинг уйимиз қишлоққа киришда уларникидан битта олдинги уй бўлганлиги, кўчага қараганлиги сабабли ўтган одам аниқ-тиниқ кўринади. Кўринмай ўтиб кетишнинг иложи йўқ. Қолаверса, “ён қўшни – жон қўшни” деган гап бор халқимизда, айниқса, Баҳром ака ҳар сафар кўчадан ўтаётганда албатта бизникига бирров кириб, озгина гаплашиб чиқиб кетади. 

Бу гал ҳам шундай бўлди. Уни кўришим билан музлаб кетдим, қалбимда ғалати ҳислар пайдо бўлди, ич-ичимдан унга ачиндим! 

Баҳром ака онасининг ўлимини эшитса, қай аҳволга тушар экан-а! Буни ўйласам, юрагим орқага тортиб кетарди. 

- Сизга нима бўлди, нега кайфиятингиз йўқ қўшни, ўтинг кечга отамлашамиз,  дея бўлган ишлардан бехабар, кулди Баҳром ака. Унга нима деб жавоб қайтаришни ҳам билмайман. 

- Ҳаммаси жойида, ҳеч гап бўлгани йўқ, фақат бироз бошим оғрияпти, -  дея жавоб қайтара олдим холос. Бўғзимга тиқилиб келаётган сўзни чиқара олмадим.  Онасининг ўлими ҳақида айтишга тилим бормади. Бир дунё қувонч билан уйи томонга кетди. 

Барибир кўнглим бўлмади. Бироз таскин бераман, далда бўламан деган мақсадда унинг орқасидан ҳовлиси томонга юра бошладим. Баҳром ака шошганича уйига кириб кетди... 

Унинг орқасидан уйига кирсам, аёли Фарида янга ва болалари сассиз йиғлар, аҳром ака эса ранги оқариб, кўзларида ёш билан ўксиб-ўксиб бўзларэди. Унга сабрли бўлишини айтдим. 

- Онамни охирги манзилга кузатолмадим, фарзандлик бурчимни бажаролмадим, энди қандай яшайман, - дея фарёд чекарди. 

Орадан ярим соатча вақт ўтди.  Ҳеч ким оғиз очиб, бирор сўз демади. Баҳром ака бироз ўзига келди, сумкасини очиб аёли ва фарзандларига олиб келган совғаларини бера бошлади-да, бирданига уҳ тортиб, яна йиғлай бошлади. 

- Мана бу рўмолни онамга олиб келгандим,   дея қўлидаги рўмолни юзига босганча яна ўкириб юборди. . Сумкасидан конфет ва шунга ўхшаш ширинликларни чиқариб,  болаларига бера туриб, пакетга солинган тахминан бир килограмлар атрофидаги новвотни қўлига оларкан “буни ҳам онам учун олгандим” дея яна йиғлаворди. Унга қўшилиб аёли ва фарзандлари ҳам эзилиб йиғлашарди. Уларни кўриб беихтиёр кўзимга ёш олдим.

Баҳром ака мен билан суҳбат қура туриб, Қозоғистонга ишлаш учун бориб, топиб келган пули йўлкира учун сотган қўйининг пулидан ҳам кам эканлигини, қолаверса, ўзга юртда мусофир бўлиб, не-не азоб-уқубатларни бошидан кечирганини сўзлаб берди. Бундан-да ёмони, онасини сўнгги манзилга кузатолмагани унга бир умрлик сабоқ бўлганини афсус ва надомат билан, кўзларига ёш олиб гапирди.   У кетаётганида онаси орқасидан “кетма Баҳромжон болам” деганча, илтижоли қараб қолгани кўз олдидан кетмаётганини айтди. “Онанинг кўнгли болада – боланинг кўнгли далада” деганлари шу бўлса керакда. 

Баҳром ака ўзга юртда кўрган-кечирганларини гапира  туриб, ҳар бир инсон ўз юртида, оила, қариндош-уруғ, ёру-дўстлар бағрида соғ-саломат юришининг ўзи энг катта бахт эканлигини вақтида англаб етиш кераклигини бот-бот такрорлади.  Қолаверса, бугун ишлайман, ҳалол меҳнат қиламан деган одамга Ўзбекистонда ҳам чет элда ишлаб топиб келинган пулдан кўра кўпроқ маблағ топиш учун барча шароитлар яратилгани ҳақида гапириб, охирида шундай деди:

- Буни англаб етиш учун менга ўхшаб, ўзга юртда сарсон-саргардон бўлиб қайтиш шарт эмас...

Қиссадан ҳисса шуки, бош бориб деворга тегмасдан олдин кўзни очиб, борига шукур қилиш лозим. Зеро, шукроналикда гап кўп. 

Абдурасул Қўчқоров, 
Самарқанд вилояти

Шарҳлар

Бухоролик эркак қўшхотинликда айбланиб, унга бир йил озодликдан чеклаш жазоси берилди

24.11.2019, 10:51

 Ғиждувонда Х.С. исмли фуқаро қўшхотинликда айбланиб судланди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди раиси Бобораҳим Очилов маълум қилган.1966 йили Ғиждувон туманида туғилган фуқаро...
​ҚИММАТГА ТУШГАН “МУҲАББАТ”

25.07.2017, 11:04

Бирон бир ишни бошлаш осон кечмайди. Немисларда ҳам “ҳамма ишнинг бошланиши оғир” деган мақол бор. Қанча меҳнат, маблағ ва тинимсиз ҳаракат зарур. Ҳужжатларни тўғрилаш, маълум...
​“Эрим пули кўпайгач, ўзгариб қолди...”

12.07.2017, 16:22

“Ёшим қирқ бешда. Уч фарзанднинг онасиман, бир қизимни турмушга узатганман. Эримнинг ишлари 2-3 йил олдин юришиб кетди, топиш-тутиши яхшиланди. Пули кўпайгач, у ўзгариб қолди. Ичадиган...
ЛИВИЯЛИК ЭРКАК ҲАММА ЮЗ ЎГИРГАН, БЕДАВО ДАРДГА ЧАЛИНГАН 80 НАФАР БОЛАНИ АСРАБ ОЛДИ

12.07.2017, 12:30

Калифорнияда яшовчи 62 ёшли ливиялик Муҳаммад Бзик 20 йил мобайнида бедаво дардга чалинган 80 нафар болани боқиб олди, деб хабар берди Tengrinews.kz нашри.Муҳаммаднинг сўзларига қараганда,...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1