Аҳамият берган бўлсангиз, мактабга қатнайдиган боланинг феъл-атвори боғчага борадиган ука-синглисидан анча фарқланади. Чунки фарзандингиз секин-аста катта болалалр дунёсига кириб бораяпти. Бироқ боланинг ёши улғайгани сари феълидаги ўзгаришлар ва бошқа таъсирлар сабаб турли муаммолар юзага кела бошлайди. Уларга тўғри ечим топиш эса ота-она ва педагогларнинг зиммасида. Бошланғич синфдаги ва ўсмир ёшдаги мактаб ўқувчиларининг руҳияти ҳамда ёшига хос ўзгаришлар юзасидан қуйидаги ҳолатларни аниқладик.
«Мактабга боришни хоҳламайман»
Кичик ёшдаги боланинг мактабга боришни хоҳламаслиги кўп ҳолларда унга етарли меҳр-муҳаббат етишмаётганидан дарак беради. Эҳтимол у сиз билан бирга дарс тайёрлашни истаётгандир? Қизиқишлари ҳақида билдиргиси келаётгандир-у, аммо сизда бу ишлар учун вақт етарли эмасдир? Ўсмирлик остонасидаги болалар руҳияти ўзгарувчан бўлади. Шу боис уларнинг мактабга боришни истамасликларини четдан синчиклаб кузатиш ва муаммони тинч йўл билан ҳал этиш керак.
«Ўқиб ким бўлардим?
Пулдор бўлиш учун ўқиш шарт эмас!»
Бошланғич синф ўқувчисининг пул топишга қизиқиши бирор фильм намойиши ёки машҳур инсонларга тақлид юзасидан келиб чиқади. Бу ўтиб кетадиган ҳолат. Аммо ўсмир ёшдаги бола учун жиддий эътибор зарур.
«Ўқитувчимни ёқтирмайман»
Одатда бошланғич синф ўқувчилари кўпроқ эътибор талаб қилишади. Дарс берувчи муаллим унга етарли даражада эътибор қаратмаса, у ўзини ортиқчадек ҳис эта бошлайди ва билим бераётган инсонни ўзидан узоқлаштириш туйғуси пайдо бўлади. Бу ҳолатда ота-оналар фарзандларига вазиятни тўғри тушунтириб, унинг қарашларини ўзгартиришлари лозим. Шу билан бирга, ўқитувчининг дарс бериш жараёнини ҳам кузатиб, зарур ҳолларда у билан ҳам суҳбатлашиш даркор.
Катта ёшли боланиг ўқитувчисини ёқтирмаслиги учун жиддий асос бўлиши лозим. Эҳтимол ўқитувчи томонидан кўпчиликнинг олдида танқид, изза қилиниши бола руҳиятига салбий таъсир этгандир. Бу вазиятда сизнинг ҳаракатингиз холис бўлишига ахамият беринг. Синфдошларининг ўқитувчи ҳақидаги фикрларини ўрганинг. Лекин бу ишингиздан фарзандингиз хабар топмасин. Бордию болангиздан ташқари бошқалар ҳам ўқитувчининг ҳаракатларидан норози бўлишса, бу ҳақда мактаб маъмурияти билан суҳбатлашинг. Агар фарзандингизнинг ўзига тегишли муаммога дуч келсангиз, ўқитувчиси билан уни юзма-юз қилиб, муаммога нуқта қўйинг.
Тортинчоқлик, ўзидан уялиш...
Кичик ёшдаги болалар фикрларини очиқ-ойдин баён этишлари учун уларга шунчаки имконият берилмаса, тортинчоқлик пайдо бўлади. Ёки баъзи ҳолларда ота-она томонидан «нимани ҳам билардинг, ҳали бола бўлсанг» қабилиди иш тутилса ҳам бола мустақил фикрлашдан чўчиб қолиб, уятчанлик юзага келади.
Ўсмирлар билан мулоқотда иложи борича ташқи кўриниши, фикрлаши, ёшига нисбатан бўлаётган ўзгаришлар хусусида танқид қилмаслик керак. Шундоқ ҳам бу ёшдаги ўғил-қизлар ўзларидаги ўзгаришлардан уялиб, тортинишади. Агар уларни танқид қилаверсангиз, бу келгусида баъзи комплекслар шаклланишига замин яратади. Ўғил болага «Овозинг дўриллаб қолибди» ёки қиз болаларга «Бўйинг қаёққа қараб ўсиб кетаяпти, энгашиброқ юр», каби танқидлар камситишдек туюлади. Бордию ўзидан уялиш ҳисси ўспиринликда ҳам давом этса, кейинчалик ўзига бўлган ишночнинг пасайиши кузатилиши мумкин. Бундай вазиятда ота-оналар ва мураббийлар боланинг қизиқишларидан келиб чиқиб, бирор машғулот ёки спорт турига жалб этишлари лозим.
Мустақил фикрлай олмаслик
Фарзандингиз келажакда атрофдагилардан тортинмаслиги учун ҳозирданоқ фикр-мулоҳазаларини очиқ-ойдин билдиришга ўргатинг. Аҳамият беган бўлсангиз, дарсда жавоб бериш учун чиққан аксарият болалар мавзуни яхши билсалар-да, кўпчилик олдида сўзлашга тортинишади. Бу ҳолат боланинг уятчанлигидан эмас, балки фикрини билдиришда кўринмас тўсиқлардан ўта олмаслиги билан изоҳланади.
Ўзаро мусобақалашиш
Бу муаммони ота-оналарнинг ўзлари юзага келтиришади. «Акангга ўхшасанг бўлмайдими? Намунча бўшсан?! Ўртоғингни қара, қандай пишиқ, пухта!» Агар бир думалаб бола бўлиб қолганингизда бундай таққослашлар қандай таъсир этишини эслаган бўлардингиз. Биргина мана шу сўзлар сабаб бола мактабда ҳам бошқалардан устун бўлишга интилади. Унинг бу ҳаракатлари тиришқоқлигидан бўлса-ку яхши, аммо феълига салбий таъсир кўрсатса, улғайганида ҳам панд бериши мумкин.
Муштумзўр
Мактаб ўқувчилари орасида муштумзўрлар кўплаб топилади. Айниқса, бошланғич синфлар билан хайрлашиб, юқори синфларга ўтаётган пайтда болалар ўртасида энг кучлилари ажралиб чиқиб, улар жисмоний куч билан ҳамма ишни ҳал қилса бўлади, деб ўйлашади. Улар билан тушунтириш ишлари олиб борилмаса, келажакда бундай болалардан кучли шахс чиқмайди. Баъзида шунчаки омадсиз инсон бўлиб, четда қолишлари ҳам мумкин.
Касб танлаш муаммоси
14-15 ёшли болани касб танлашга мажбурлаш тўғри эмас. Бу ёшда фарзандингиз кўзингизга анча улғайгандек кўринса-да, аслида у ҳали бола. Қизиқишлари ҳам шунчалар кўпки, қай бирини танлашни ҳам билмайди. Агар ташқаридан босим ўтказилаверса, тўғри келганини танлаб, кейин афсусланиб юриши мумкин. Боланинг қизиқишлари билан ҳисоблашиш уларнинг амалга ошиши учун имконият яратиб бериш ҳам ота-она, ҳам педагогларнинг вазифасидир.
Руҳшунос Шаҳноза ҲАЛИЛОВА тавсиялари асосида Дилдора ЮСУФБЕКОВА тайёрлади
12.07.2017, 12:30
Калифорнияда яшовчи 62 ёшли ливиялик Муҳаммад Бзик 20 йил мобайнида бедаво дардга чалинган 80 нафар болани боқиб олди, деб хабар берди Tengrinews.kz нашри.Муҳаммаднинг сўзларига қараганда,...12.07.2017, 11:19
Олмаота полицияси болани юкхонага жойлаштирган машина ҳайдовчисини қидирмоқда, деб хабар берди Tengrinews.kz нашри.Нашрнинг хабар беришича, болани машина юкхонасига жойлаштирган "Фольксваген" автомашинаси ҳайдовчиси қонунбузарликка йўл қўйгани...12.07.2017, 09:53
Чет эллик оила Остона шаҳрида ўтказилган EXPO-2017 кўргазмаси ҳудудида 2 ёшли болани унутиб қолдиришди, деб хабар берди Tengrinews.kz нашри.Эр-хотин кўргазмадан чиқиб кетгандан кейин болани унутиб...11.07.2017, 14:32
Доим бой одамлар қандай яшашини кузатиш қизиқарли. AdMe.ru Institut Le Rosey мактабига саёҳатга чорлади. Institut Le Rosey — Швейцарияда жойлашган қадимий мактаблардан бири. Уни «қироллик...