Ота алимент тўламаганлиги учун жиноят иши қўзғатилишини эшитиб, фарзанди учун уй берди. Бу ҳақда darakchi.uz’га МИБ матбуот хизмати хабар берди.
Фуқаролик ишлари бўйича Косон туманлараро судининг 2018 йилдаги суд буйруғига асосан қарздор Ф.Обраевдан ундирувчи М.Рустамова фойдасига бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган.
Мазкур ижро ҳужжати Бюронинг Муборак туман бўлими иш юритувига келиб тушган ва ижро ҳаракатларига киришилган.
Қарздор бўлим давлат ижрочисининг огоҳлантиришларига қарамасдан, алимет пулларини ўз вақтида тўламаганлиги туфайли 2023 йилнинг ноябрь ойида маъмурий қамоқ жазосига тортилган эди.
Аммо бундан тўғри хулоса чиқармаган Ф.Обраевга жиноят иши қўзғатилиши учун ҳужжатлар тайёрланаётганлини ҳақида айтилганда, у пул тўлай олмаслигини ва жиноий жавобгарликка тортилмаслик учун ҳуқуқий ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Давлат ижрочисининг тушунтиришларидан сўнг, алимент эвазига уй бериши ҳақида айтди.
Қарздор ва ундирувчининг ўзаро келишувига асосан, Ф.Обраев мавжуд 22 млн. сўм қарздорлиги ва фарзанди 18 ёшга тўлгунига қадар бўлган алимент пуллари ҳисобига тумандаги ўз яшаш уйини ундирувчи М.Рустамованинг номига расмийлаштириб берди.
Шу сабаб ижро ҳужжати амалда тамомланган.