АсосийSalomatlik

Дунёда энг кенг тарқалган вирусга қарши вакцина ўйлаб топилмоқда

'Дунёда энг кенг тарқалган вирусга қарши вакцина ўйлаб топилмоқда'ning rasmi

Дунёда энг кенг тарқалган вирусга қарши вакцина ўйлаб топилмоқда. Бу ҳақида ССВ Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, ер юзи аҳолисининг деярли 95 фоизи Эпштейн-Барр вируси (ЭБВ)нинг ташувчиси ҳисобланади. Аммо уларнинг аксарияти ўзида бу вирус борлигини умри давомида билмаслиги мумкин. Лекин ЭБВ иммунитет тушиши сабабли “бош кўтарганида” юқумли мононуклеоз, склероз ва саратоннинг баъзи турлари, хусусан, Беркитт лимфомаси ривожланишининг асосий сабабчиси бўлади.

ЭБВ герпеснинг бир тури (4-тоифа одам герпес вируси) бўлиб , асосан болалик ёки ўсмирлик даврида юқади. Кўпинча касалликка учраган одам буни сезмаслиги ҳам мумкин, чунки вирус ҳеч қандай аломатларсиз тананинг ҳужайраларини зарарлайди, сўнг инсон организмида абадий қолади. Вирус, биринчи навбатда, инфекцияларга қарши курашиш учун жавоб берувчи антитаналарни ишлаб чиқаришга масъул бўлган В-лимфоцитлари, яъни иммун ҳужайраларига ҳужум қилади.

Баъзида вирус фаоллашиши мумкин: бу ҳолда ўткир яллиғланиш касаллиги — юқумли мононуклеоз ривожланади. Аломатларига кўра у ЎРВИга ўхшайди, лекин узоқроқ (бир неча ой) давом этиши мумкин, баъзан эса хавфли асоратларни келтириб чиқариши мумкин.

Афсуски бу вирусни даволашнинг аниқ усуллари мавжуд эмас. Олимлар йиллар давомида унга қарши вакцина яратиш учун кўп ҳаракат қилишган, аммо буни уддалай олишмаган.  

Яқинда АҚШнинг Аллергия ва юқумли касалликлар институти (NIAID) олимлари томонидан эришилган натижалар эса бу борада силжиш бўлишига умид борлигини англатади. Янги тадқиқот вируснинг баъзи заиф томонларини аниқлади ва мақсадли даволаш имкониятларини очиб берди.

Натижалар ҳозирча ҳайвонлар билан чекланган, аммо улар анча яхши кўрсаткичларга эга. Агар кейинги тадқиқотлар одамларда худди шундай натижаларни кўрсатса, вакцина ҳали бу вирус билан касалланмаган инсонлар учун истиқболли профилактик чора бўлиши мумкин. Бу, шунингдек, касаллик ёки трансплантация операцияси туфайли иммунитети заифлашган беморлар учун фойдалидир. Чунки бу одамлар, ҳатто, ўлимга олиб келиши мумкин бўлган бу оғир касаллик хавфи остида бўлиши мумкин.

Маълумот учун: ЭБВ қанчалик кенг тарқалган ва унинг оқибатлари қанчалар жиддий бўлишига қарамай, уни фақат 1963 йилда доктор Энтони Эпштейн ва унинг ўша даврдаги аспиранти Ивона Барр кашф этган. Ўша пайтда бу ҳақиқий янгилик бўлган, чунки илгари саратонни қўзғатувчи биронта вирус аниқланмаганди. Ундан сўнг биз бошқа вируслар, масалан, одам папиллома вируси (ОПВ) ҳақида билдик, унга қарши эса самарали вакцина мавжуд. У 2019 йилда юртимиз профилактик эмлаш календарига 11-вакцина бўлиб киритилган. (https://telegra.ph/file/2b4c3f62f7aa2607a6763.png)

Тадқиқот АҚШ “Immunity” журналида чоп этилган.

 

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар