Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодиров Россия Давлат думаси спикери Вячеслав Володиннинг мамлакатга келаётган ишчилар рус тилини билиши кераклиги ҳақидаги фикрига муносабат билдирди.
Володин пленар мажлисда Россияга ишга келаётган ишчилар рус тилини билиши, мамлакат анъаналари ва маданиятини ҳурмат қилиши кераклигини таъкидлаган.
Сўзсиз, Россияга ишга бораётганлар рус тилини билишлари шарт, лекин бу Ўзбекистонда яшаётган русларни ўзбек тилини билишлари шарт эмас дегани эмас!
Ўзбекистонда яшаётган барча миллатли ватандошлар ўзбек тилини билишлари шарт.
Қонунларимизда босқичма-босқич боғча ва бошланғич таълимда бошқа миллатли ватандошларга ўз она тили ва қадриятларини ўрганишига шароит яратиш билан бир қаторда, ўзбек тили мажбурий ўрганадиган тил сифатида белгиланиши керак.
Алишер Қодиров ўзбек тилини билмайдиган инсон нафақат давлат хизматида ишлаши, балки давлат хизматларидан фойдаланиши ҳам мумкин бўлмай қолишига эришиш зарурлигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил бошида россиялик шовинист тарихчи Михаил Смолин Россиянинг НТВ каналида уюштирилган ток-шоуда ўзбеклар, қозоқлар ва озарбайжонлар 1917 йилгача мавжуд бўлмаганини иддао қилганидан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Маънавият ва маърифат марказининг ўша пайтдаги раҳбари Минҳожиддин Мирзо аҳолини заҳарли ғоялардан сақлаш учун мамлакатдаги хорижий давлатлар пропагандасига хизмат қилаётган барча радио-телевидение каналлари ҳамда уларнинг интернетдаги сайтларини зудлик билан чеклаш масаласини кўриб чиқишни таклиф қилганди. Ўшанда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров ҳам Ўзбекистонда таълим ва телевидениеда рус тилидан фойдаланишни қисқартиришни таклиф қилган эди.
Ўзбек тилини билмайдиган инсон нафақат давлат хизматида ишлаши, балки давлат хизматларидан фойдаланиши ҳам мумкин бўлмай қолишига эришишимиз керак, — деди бунга жавобан Алишер Қодиров.