Сенатнинг эллик учинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун сенаторлар томонидан муҳокама қилинди.
Сенаторлар таъкидлагандек, ушбу Қонун билан жамият учун муҳим бўлган ва тўғридан-тўғри ишлайдиган қонунлар қабул қилинишида ҳамда жамиятнинг ривожланишига қаратилган муҳим масалалар ечимида депутат ва сенаторларнинг масъулиятини янада оширишга қаратилган ўзгаришлар киритилмоқда. Жумладан, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги Қонунда депутат ва сенаторнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш асослари кучайтирилмоқда.
Киритилаётган ўзгартиришларга мувофиқ:
депутат, Сенатда доимий асосда ишловчи сенатор ҳақ тўланадиган тегишли турдаги фаолият билан шуғулланишга йўл қўйилмаслиги тўғрисида огоҳлантириш олганидан кейин ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият (илмий, ижодий ва педагогик фаолиятдан ташқари) билан шуғулланган тақдирда;
тегишли палата, сиёсий партия фракцияси, ўзи таркибига сайланган қўмита, комиссия фаолиятида бир календарь йил ичида ўттиз ёки ундан ортиқ иш куни узрли сабабларсиз иштирок этмаган тақдирда;
чет давлатнинг доимий яшаш гувоҳномасини ёки чет давлат ҳудудида доимий яшаш ҳуқуқини тасдиқловчи бошқа ҳужжатни олган тақдирда;
партия рўйхати асосида сайланган депутат ўзини депутатликка номзод этиб кўрсатган сиёсий партия аъзолигидан чиққан тақдирда депутат ёки сенаторнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш учун асос бўлиши белгиланмоқда.
Шунингдек, депутат ёки сенатор томонидан ўз вазифаларини ва одоб-ахлоқ қоидаларини бузганлиги учун бир қатор чоралар белгиланмоқда. Хусусан, огоҳлантириш, тегишли мажлисларида узр сўрашни талаб қилиш, йўл қўйилганлиги фактини палата мажлисида ўқиб эшиттириш, иш ҳақидан ушлаб қолиш ва депутат ёки сенатор ваколатларини муддатидан илгари тугатиш каби чоралар қўлланиши белгиланмоқда.
Сенаторлар таъкидлаганидек, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши сиёсий партиялар фаолиятини қўллаб-қувватлашга ҳамда мустаҳкамлашга, депутатлар ва сенаторларнинг ўз вазифаларини бажаришда, касбий одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этишда, шунингдек, уларнинг дахлсизлик ҳуқуқини тўлиқ таъминлашда шахсий масъулиятини оширишга хизмат қилади.
Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.