1

Бахтнинг дояси

МУТОЛАА 29.11.2016, 16:53
Теглар: Хикоя
Бахтнинг дояси

Кўзим илинибди. Даҳлиздаги оёқ товушлари, эрталабки ҳол-аҳвол сўрашишлардан уйғониб кетдим. Кам фурсат ухлаган бўлсам-да, руҳим тетик. Қарасам, телефонимга «SMS» келибди. «Яхши етиб кел. Калит ҳар доимги жойда».

Телефон қилиб, безовта қилишга кўзи қиймаган. Ўрнимдан туриб, навбатчиликни топширдим ва уйга шошилдим. Кўчага чиққач, бироз яёв юргим келди. Болалар мактаб-боғчага, турмуш ўртоғим ишга жўнаб кетган, уйқум ҳам келмаяпти. Кечаси билан ёмғир ёққан, ҳаво бирам тоза эди. Ёмғир ёғса, доим раҳматли бувимни эслайман. У кишининг оёқлари ҳаво булутлашгандан оғриб бошларди. Мен эса жажжи қўлларим билан оёқларини босардим. У киши доим «Мунира, сен доя бўлишинг керак», дерди. Мактабимизда оқ халатли кишини кўрсам, партанинг остига яширинадиган мендай қуёнюракдан доя чиқишига кўзим етмасди. Бу гапдан негадир қўрқардим-да, кўзларимни жавдиратиб бувимга тикилардим. «Ҳа, нима? Доя бўлсанг, ёмонми? Миттивойларнинг эсон-омон туғилишига хизмат қилсанг, уларни илк бор сен қўлингга олсанг-а? Гапимни икки қилмайсан!» дерди қатъий оҳангда. Индамай тураверардим. Бироздан кейин бувим маюъс ва паст овозда сўз бошларди. «Бизнинг пайтда ҳамма уйда туғар, бир қишлоқда битта доя бўлса бор, бўлмаса йўқ эди. Улар ҳам ҳеч қаерда ўқимаган, онамерос касб эгалари. Ўшанда шароит яхши бўлганда, Ҳасан-Ҳусанларим омон қолиб, мен ҳам ўғил тўйлар кўрармидим. Бобонг раҳматли қор кечиб қишлоқнинг у бурчагидан доя олиб келгунча, мен шўрликнинг кўзим ёриб, болаларим нобуд бўлганди-да», дея кўзда ёш билан куйиниб гапирарди.

Мактабни тугатганимда бувим раҳматли ҳаёт эди. Отам пойтахтга жўнатмайман деганида, у киши билан талаша-тортиша мени ўқишга юборди. «Доя бўлиб келади, қизим» дея ўқишга кирмасимдан олдин ҳаммага мақтаниб, фахрланиб юрди. Дуолари ижобат бўлди. Ўқишга ҳам кирдим, тугатдим ҳам, доя ҳам бўлдим. Аммо бувим бу кунларни кўрмади.

Шуларни эслайман-у, кўзим ёшланади. ҳам соғинчдан, ҳам қувончдан. ҳақиқатда, жудаям бахтлиман. Неча-неча аёлларнинг энг бахтли онларига, инсон аталмиш мавжудотнинг дунё юзини кўришига гувоҳ бўлаяпман. Бу жараёнларда бевосита иштирок этаяпман.

Мана, кеча Умида исмли аёлнинг кўзи ёриди. Асли уни кўпдан танийман. Илк бор қайнонаси билан келганди қабулимга.

— Мунирахон, олти йилдан буён келинимнинг бўйида бўлмаяпти. Ўғлим ажрашаманга тушиб қолган. Мана, келинимни етаклаб шифокорма-шифокор олиб юрибман, — деди. Умида билан суҳбатлашдим, таҳлил учун қон топширишни тайинладим. Натижа яхши чиқди. Энди турмуш ўртоғини кўрикдан ўтказиш керак эди. Аммо қайта-қайта тайинласам ҳам куёв келмади. Шу билан тўрт йил ўтибди-а? Қайнонаси болаларининг оиласини асраш учун табибу шифокорга қатнар, аммо ўғли «менда айб йўқ» дея даволанишга рўйхушлик бермасди. Орада неча марта Умида шўрликни ота уйига ҳайдади. Ўтган йили тасодифан Рашид билан учрашиб қолдим. Ўшанда ҳам ёмғир ёғаётганди. Навбатчиликка келаётсам, машинасини тўхтатди.

— Мунира опа, шифохонагами? Ўтиринг, йўлим шу томонда, ташлаб ўтаман, — деди.

Таклифини қабул қилдим. Ҳол-аҳвол сўрашдим. Умидани сўрагандим, бошини қуйи солдим. Тушундим, яна “ажрашиш” ташвишига тушган бу йигит.

— Рашиджон, нега тиббий кўрикдан ўтишни истамайсиз? Бу сизга “бепуштлик” тамғасини босмайди. Жуфтликлар бирга даволаниши керак. Шуни тушунинг. Фарзандли бўлишни истасангиз, сиз ҳам ҳаракат қилинг, — дедим.

Шу билан биз қайта учрашмадик. Бир қулоғимга чалингандек бўлди: Рашид билан Умида даволанаётган экан. Сал ўтмай Умида ҳомиладорлар рўйҳатига ёзилди. Фарзанди туғилганда уларнинг қувончидан менинг кўзларим ёшланди. Рашид эса туғруқхона деразасининг тагидан кетмади. Севинчидан дунёга сиғмас, гоҳ қучоғи тўла гул, гоҳ мевалар, тансиқ таомлар олиб келарди. Оталик бахтидан кўкларда парвоз қиларди у.

Кеча Умида билан яна бир аёлнинг кўзи ёриди. Санамжон опа. Ёши қирқларга бориб қолган жувоннинг бу тўртинчи қизи. Ўғил туғаман, деб жонини хатарга қўйди аёл шўрлик. Соғлиги ҳам унчалик яхшимасди. Чақалоқ қизлигини билгач, аёл ёстиққа бошини қўйиб йиғлашга тушди. Биринчи марта хафа бўлиб кетдим бу чиллахонада. Уни овутишга ҳам сўз топилмасди. Ахир овутиладиган воқеа бўлмади-ку! Бола соғ-саломат дунёга келди. Аммо... қиз болалиги учун... Аёлнинг қўрқувини эрининг зуғумидан деб ўйладим. Ота бўлмишга хабарни айтишни ўз зиммамга олдим. Чиқсам, турибди. Унинг умидвор кўзларини кўриб, аввалига довдириб қолдим. Нима дейишни билмадим. Биринчи марта бу ҳолга тушишим эди. Бахтимга ўзи сўз бошлади:

— Туғруқ яхши ўтдими? Омонмилар?

— Ҳа... Умаржон ака, қизми, ўғилми, Аллоҳнинг неъмати, фарзанд... ҳали қизларингиз... — дедим каловланиб.

— Минг ўғилнинг ўрнини босишади, — илиб кетди айтолмаган гапимни Умар ака. — Кириб, қизим, аёлимни кўрсам майлими?

Тўғриси, у кишидан бундай муносабатни кутмагандим. Кўзлари чақнаяпти. Бояги ҳавотиримдан ўзим ҳижолат тортдим.

Тўғри, бу даргоҳда турли инсонларни учратдим, турфа тақдирларга гувоҳ бўлдим. Баъзан жаҳлдор оталар, ношукр оналар, тушунмайдиган қайноналар билан тўқнаш келганман. Байрам, туғилган кунларни навбатчилик билан қаршилаганман. Тунги навбатчилик сабаб турмуш ўртоғим билан ўртамизда келишмовчиликлар юз берган, рўзғорга, болаларга улгурмай қайнонамдан дакки ҳам эшитган пайтларим бўлди. Оғирроқ туғуруқлар жараёнида юрагимни ҳовучлаб турардим. Аммо барчаси янги туғилган гўдакнинг ифори димоғимга урилганда, уни бағримга босганча волидасининг қўлига тутқазганимда унут бўлар ва менга чексиз бахт бағишларди. Ҳа, бахт! Бу бахтни ҳис қилиб яшаётганимга шукроналар айтаман!

Ана шундай ўйлар оғушида уйимизга қандай етиб келганимни билмай қолибман. Айтилган жойдан калитни олиб уйга кирдим. Қоронғи экан. Чироқларни ёқдим. Ёқдим-у, ҳайратдан кўзларим катта очилди. Уй шарлар билан безатилган. Меҳмонхона деворига эса катта плакат осилган. Унга бир нималарнинг сурати чизилган, яқинроқ бориб қарасам, мен, туғруқхона, чақалоқлар расми. Тўғри, уларни бир-биридан ажратиб олиш, нималагини аниқлаш қийин, беш ёшли ўғилчамнинг санъат асарлари. Сурат тепасига катта ҳарфлар билан “ТАБРИКЛАЙМИЗ!” деб ёзилган. Нима муносабат билан экан, деб ҳайрон қолдим. Столдаги гулдонда қизил атиргуллар. Шошиб қолдим. Эримга қўнғироқ қилдим. Ҳайратимдан у киши ҳайрон бўлди.

— Ия, Мунира, эслай олмайсанми? Бугун туғруқхонада иш бошлаганингга ўн йил бўлди-ку! — деди.

Эсимда ҳам йўқлигини қаранг. У кишига раҳмат айта-айта “сюрприз”ларга жавоб тариқасида бирор тансиқ таом тайёрлашга тушиб кетдим...

Шоира ВАФОЕВА қоғозга туширди.

 

Шарҳлар

Йигирма йил кутилган бахт

16.01.2017, 14:47

— Турмуш қурганимизга йигирма йил бўлди, — деди таҳририятга қўнғироқ қилиб ўзини Динора опа деб таништирган мухлисамиз. — Турмуш ўртоғим иккимиз институтда ўқиб, севишиб, ота-онамизнинг...
Келин қул деганими?

13.01.2017, 15:24

Шаҳло қайнонасининг қадам товушларидан уйғониб кетди. Эндигина кўзи илинганди-я. Қизини ухлатиш қийин, ёшига тўлмай сунъий овқатга ўргатгани учун бир дарди икки бўлган. Шаҳлонинг ўзи белида...
«Севганим чиройли…»

12.01.2017, 16:28

Турмуш ўртоғинг чиройли бўлса ҳам қийин экан. Атрофдаги аёллар ундан кўз узмай туришига чидаш осонми? Бундай вазиятда рашк қилиш, кўз ёш тўкиш, кетаман деб қўрқитиш...
«Дадам ва онамни яраштирганим…»

11.01.2017, 11:26

Макр ишлатиш аёлларга хос, дейишади. Аммо ёш бўлишимга қарамай, мен ҳам макрдан фойдаландим. Буни ёмонликка йўйманг. Оиламизни сақлаб қолиш учун қилдим буни… Бир бошидан айтиб...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1