АсосийЖиноят

ИИВ Академиясига 22 минг долларга ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган шахс ушланди

ДХХ жойларда ОТМларга ўқишга киритиш билан боғлиқ ноқонуний ҳолатларни фош этмоқда.

'ИИВ Академиясига 22 минг долларга ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган шахс ушланди'ning rasmi

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирларда жойларда ОТМларга ўқишга киритиш билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар фош этилди. Бу ҳақда darakchi.uz га ДХХ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида яшовчи, 1986 йилда туғилган шахс ўзининг мансабдор танишлари орқали, Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида истиқомат қилувчи фуқарони ИИВ Академиясига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 22 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Қашқадарё вилоятида кузатилган ҳолатда, Қарши инновацион таълим университети мутахассиси 3 нафар фуқарони Тошкент ахборот технологиялари университетининг Қарши филиалига мазкур олий таълим муассасасидаги танишлари орқали ҳар бирини 4 минг АҚШ долларидан, жами 12 минг АҚШ доллари эвазига 2-курсдан ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилади.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, у 11700 АҚШ доллари олган вақтида ушланди. 

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан прокуратура органлари билан ҳамкорликда Чиноз туманида ўтказилган тезкор тадбирда, Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида яшовчи, 1987 йилда туғилган шахс Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида истиқомат қилувчи фуқарони Тошкент давлат педагогика университетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 5 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. 

Олмалиқ шаҳар болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мураббийи ўзининг юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига Олмалиқ шаҳрида яшовчи фуқародан 3500 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Ҳозирда мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган.

    Бошқа янгиликлар