Россия Президенти Владимир Путин мамлакатда ёнилғи тақчиллиги ҳали ҳам бартараф этилмаганини тан олди. Бу ҳақда у 28 июнь куни Кремлда ўтказилган режадан ташқари йиғилишда маълум қилди.
Путиннинг айтишича, нефтьни қайта ишлаш заводлари максимал қувватда ишлаётгани ва аввал тўпланган ёнилғи захиралари ички бозорга йўналтирилганига қарамай, аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектлари бензин харид қилишда қийинчиликларга дуч келишда давом этмоқда.
“Ҳам автоулов эгалари, ҳам бизнес учун муаммолар сақланиб қолмоқда. Афсуски, айрим ёнилғи қуйиш шохобчаларида навбатлар юзага келмоқда, керакли маркадаги бензинни эса ҳар доим ҳам топиб бўлмаяпти. Шунингдек, ёзги мавсумда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ва фермер хўжаликлари дуч келаётган қийинчиликларни ҳам яхши тушуниб турибмиз”, деди Путин.
Унинг таъкидлашича, мамлакатнинг деярли барча ҳудудларини қамраб олган ёнилғи инқирозини юмшатиш мақсадида бензин ва авиакеросин экспорти вақтинча тақиқланган. Шунингдек, йирик нефтьни қайта ишлаш заводлари билан бир қаторда кичик ва ўрта қувватли корхоналар ҳам тўлиқ ишга туширилган. Ҳозирда дизель ёнилғиси экспортини ҳам вақтинча тўхтатиш масаласи муҳокама қилинмоқда.
“Ички бозорга аввал тўпланган ёнилғи ҳажмлари чиқарилди”, деди Путин.
Унинг маълум қилишича, мамлакатдаги бензин захиралари ҳозирда 1,7 миллион тоннани ташкил этади. “Reuters” агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, бу ҳажм ёз ойларидаги тахминан 15 кунлик истеъмолни ёки ҳар куни кузатилаётган бензин етишмовчилигини икки ойгача қоплаш имконини беради.
Путин июль ойида асосий турдаги ёнилғи ишлаб чиқариш ҳажми июнь ойига нисбатан юқори бўлиши кераклигини таъкидлаб, бозорни барқарорлаштириш учун қисқа муддатли эмас, балки тизимли чоралар талаб этилишини қайд этди.
“Reuters” маълумотларига кўра, Россия ҳозирнинг ўзида Беларусдан ҳар ой 100–150 минг тонна бензин импорт қилмоқда. Шунингдек, Қозоғистон билан ҳам ёнилғи етказиб бериш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Бироқ мазкур мамлакатда Россия бозори учун бензин етказиб бериш имкониятига эга нефтьни қайта ишлаш заводи амалда биттагина.
Иқтисодчи Кирилл Родионов фикрича, Россия нефтини йирик ҳажмда сотиб олаётган Хитой ва Ҳиндистон келгусида Россияга ёнилғи етказиб берувчи асосий давлатларга айланиши мумкин. Бироқ узоқ масофадан импорт қилинадиган ёнилғи маҳаллий маҳсулотга нисбатан анча қимматга тушади.
Шу билан бирга, Россия ҳукумати демпфер механизми доирасида нефт компанияларига бюджетдан компенсация ажратиш ҳисобига бензин импортини субсидиялашни режалаштирмоқда. Бироқ бу механизм импорт қилинадиган ёнилғининг ички бозорда одатий нархларда сотилишини кафолатламайди.
“Reuters” баҳосига кўра, июнь ойида Россияда ёнилғи ишлаб чиқариш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 25 фоизга қисқарган ва ҳозирги кунда ички истеъмолдан тахминан 20 фоизга ортда қолмоқда.
Сўнгги икки ой ичида ҳужумларга учрамаган ва тўлиқ қувват билан ишлашда давом этаётган ягона йирик нефтьни қайта ишлаш заводи йиллик қуввати 22 миллион тоннани ташкил этувчи Омск нефтьни қайта ишлаш заводи бўлиб қолмоқда.






