АсосийЖамият

"Биз қоғоздаги режаларни эмас, балки натижаларни кўришимиз керак..."

БМТнинг Уй-жой ҳуқуқи бўйича Махсус маърузачиси Балакришнан Ражагопал Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича баёнот берди.

'"Биз қоғоздаги режаларни эмас, балки натижаларни кўришимиз керак..."'ning rasmi

Аввал хабар берилганидекБМТнинг Уй-жой ҳуқуқи бўйича Махсус маърузачиси Балакришнан Ражагопал 19-30 август кунлари Ўзбекистонда бўлди.

Газета.уз нашри ёзишича, ташриф давомида махсус маърузачи Тошкент, Жиззах, Зомин, Сирдарё, Самарқанд ва Бухорода бўлди. У Хавфсизлик кенгаши котиби, бош вазирнинг икки ўринбосари, ҳукумат аъзолари, Олий Мажлис сенаторлари ва депутатлари, омбудсманлар, судьялар ва шикоятлар бўйича органлар вакиллари билан учрашди.

Махсус маърузачи ташриф якунида матбуот анжуман ўтказди ва баёнот берди. 

Жаноб Ражагопал сўнгги йилларда ўзбошимчалик билан олиб қўйиш ва уйларни бузишдан ҳуқуқий ҳимояни яхшилаш ва шаҳарсозликда иштирок этишни таъминлашга қаратилган янги қонунлар, шу жумладан янги Конституция қабул қилинишини олқишлади. Бироқ хабардорлик, ижрога риоя қилмасликка қарши самарали чоралар етишмаслиги каби сабабларга кўра бу қонунлар, айниқса қурилиш секторида кўпинча эътиборга олинмаётганини таъкидлади. 

"Ўзбекистон мисли кўрилмаган кенг кўламли шаҳарларни янгилаш лойиҳалари гувоҳи бўлмоқда, баъзан бу жараёнда бутун маҳаллалар бузиб ташланмоқда. Буларнинг аксарияти қонунчилик ва шаҳарсозликда етарлича асосларсиз содир бўлмоқда. Шаҳар режалаштириш ва шаҳарни янгилаш бўйича қарорлар жамоатчиликнинг, шу жумладан зарар кўрганларнинг ҳам мазмунли иштирокини назарда тутмайди", - деди Маърузачи.

Баёнотда, шунингдек, бузилган уй-жой учун компенсация миқдорлари кўпинча етарли эмаслиги, кечиктирилиши ёки умуман берилмаслик, мажбурий кўчирилган аҳолига янги уй-жойлар кўпинча шаҳарларнинг чеккасидан таклиф қилиниши ҳолатлари мавжудлиги қайд этилди.

“Уй-жойларни бузиш ва мажбурий кўчиришлар ҳатто Самарқанд ва Бухоро каби қўриқланадиган маданий мерос ҳудудларида ҳам содир бўлмоқда”, - деди жаноб Ражагопал.

У ЮНЕСКОни 2025 йилда Самарқандда бўлиб ўтадиган ЮНЕСКО Бош Ассамблеясига тайёргарлик кўрилаётган бир пайтда уй-жой бўйича ҳуқуқ тўлиқ ҳимояланишини таъминлаш учун зарур чоралар кўришга чақирди.

“Мени амалга оширилган ислоҳотлар ва кўплаб раҳбарларнинг инсон ҳуқуқларини, шу жумладан, уй-жой ҳуқуқини ҳимоя қилиш мажбуриятини амалга ошираётганлиги илҳомлантирди. Уй-жой муаммоларини ҳал қилиш учун кўпинча аниқ яхши ниятлар мавжуд. Аммо яхши ниятлардан ташқарига чиқиш вақти келди. Биз қоғоздаги қонунлар ва режаларни эмас, балки натижаларни кўришимиз керак”, - дея баёнотини якунлади Ражагопал.

Жаноб Ражагопал 2025 йил март ойида БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашига ташрифи ҳақида батафсил ҳисобот тақдим этади.

    Бошқа янгиликлар