28 сентябрь куни Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида ўзбек тили байрамига бағишланган фестиваль бўлиб ўтмоқда. Фестиваль давомида Қозоғистон Республикаси ўзбекларининг “Дўстлик” этномаданий бирлашмалари уюшмаси тадбиридаги Ўзбекистон Республикасининг Козоғистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Бахтиёр Ибрагимов иштирокчиларни табриклади. Бу ҳақда ушбу фестивалда иштирок этган darakchi.uz мухбири хабар берди.
Тадбир аввалида элчи ўз фикрларини баён этди. У ўз нутқида Қозоғистон Республикаси ўзбекларининг “Дўстлик” этномаданий бирлашмалари уюшмаси томонидан ташкил этилган бугунги расмий маросим, икки мамлакатлар учун жуда муҳимлигини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ишонч, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янги босқичга кўтариш, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликни амалий маъно-мазмун ҳамда муҳим ташаббуслар билан бойитиш, устувор йўналишлардаги алоқаларни кенгайтириш ва ҳар томонлама ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни фаол илгари суришга қўшган шахсий ҳиссаси, шунингдек, мамлакатларимиз халқларининг кўп асрлик дўстлиги ва ҳамжиҳатлигини янада мустаҳкамлаш йўлидаги улкан хизматлари учун Ўзбекистон Республикасининг “Дўстлик” ордени билан Хашимжанов Икрам Акрамович - Қозоғистон Республикаси Ўзбеклар этномаданий бирлашмалари уюшмаси раиси мукофотланди. Мукофотни Бахтиёр Ибрагимов топширди.

Тадбир давомида Қозоғистон Республикасининг қатор сенаторлари сўзга чиқишди ва икки давлат ўртасидаги алоқаларни олий даражада эканлигини таъкидлашди.






