АсосийЖамият

Зироат Мирзиёева “Ёш фермер” лойиҳаси доирасида Нукусда бўлиб ўтаётган “Даладан дастурхонгача” экологик таълим фестивалида қатнашди

Тадбирда Eco-schools Uzbekistan лойиҳасининг асосий рамзи бўлмиш Яшил байроқ тантанали равишда кўтарилди.

'Зироат Мирзиёева “Ёш фермер” лойиҳаси доирасида Нукусда бўлиб ўтаётган “Даладан дастурхонгача” экологик таълим фестивалида қатнашди'ning rasmi

“Ёш фермер” лойиҳаси доирасида Нукусда биз озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида дуч келаётган хавф-хатарлар, иқлим ўзгариши қишлоқ хўжалигига қандай таҳдид солиши, ҳосилдорликни пасайтириши ва очарчиликни ошириши ҳақида эслатиб турувчи кун — Бутунжаҳон озиқ-овқат кунига бағишланган “Даладан дастурхонгача” экологик таълим фестивали бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда “Замин” халқаро жамоат фонди хабар берди.

Тадбирда Eco-schools Uzbekistan лойиҳасининг асосий рамзи бўлмиш Яшил байроқ тантанали равишда кўтарилди. Қорақалпоғистонлик ғолибларга Яшил байроқни қўлга киритган Ўзбекистондаги яна 8 та мактаб ўқувчилари онлайн тарзда қўшилди.

Зироат Мирзиёева ўқувчиларни мукофот билан самимий қутлади. Бу мукофот ёшларнинг барқарор ривожланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга бўлган садоқатининг рамзи ҳамда ёш авлоднинг глобал муаммоларни ҳал этишда фаол иштирок эта олишининг исботидир. Қутлов сўзларини FAO бош директори ўринбосари Виорел Гуцу ва FЕЕ таълим масалалари бўйича катта директори Прамод Кумар Шарма ҳам билдирди.

Бўлажак CОP-29 га бағишланган эко-фестивал турли воқеаларга бой бўлди: “Ёш эко-чемпионлар” дастури етакчилари Қорақалпоғистонда Ёшлар жамоатчилик экологик назоратини йўлга қўйиш ташаббусини тақдим этди. 

Улар тупроқ ҳолатини ўрганиш, органик чиқиндилар ва баргларни биогумусга қайта ишлаш кўникмаларини эгаллади, барқарор иссиқхона хўжалиги бўйича маҳорат дарсида иштирок этди, мевали боғ экди, “даладан дастурхонгача” озиқ-овқат йўлини қисқартириш бўйича ўз усулларини таклиф қилган ҳолда баҳс-мунозараларда қатнашди. 

Шунингдек, тўғри овқатланиш бўйича нутрициологларнинг маҳорат дарсларини тингладилар ва барча меҳмонларни ҳайратга солган қизғин флешмоб намойиш этди. Тадбирда Бутунжаҳон озиқ-овқат куни муносабати билан FAO томонидан эълон қилинган плакатлар танловининг тақдимоти ўтказилди, унга аризалар қабул қилиш 8 ноябрга қадар давом этади.

Таълим эко-фестивали доирасида Замин Creative инклюзив студиясининг “Танҳо қайиқ” номли театрлаштирилган спектакли намойиш этилди ва австриялик фотосуратчи Клаус Пихлернинг “Фермадан қутигача” фотокўргазмаси очилди. Бу кўргазмада озиқ-овқат маҳсулотларининг бузилиб боришининг турли босқичлари тасвирланган ҳайратланарли ва айни пайтда нохуш тасвирлар намойиш этилган. Бекорга етиштирилган ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларга бағишланган ушбу фотокўргазма жума кунигача давом этади.

    Бошқа янгиликлар