АсосийЖамият

Зироат Мирзиёева Қорақалпоғистонда эко-фестивалда иштирок этди

Нукусда Бутунжаҳон озиқ-овқат кунига бағишланган "Даладан дастурхонгача" экологик таълим фестивали бўлиб ўтмоқда.

'Зироат Мирзиёева Қорақалпоғистонда эко-фестивалда иштирок этди'ning rasmi

"Ёш фермер" лойиҳаси доирасида Нукусда биз озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида дуч келаётган хавф-хатарлар, иқлим ўзгариши қишлоқ хўжалигига қандай таҳдид солиши, ҳосилдорликни пасайтириши ва очарчиликни ошириши ҳақида эслатиб турувчи кун — Бутунжаҳон озиқ-овқат кунига бағишланган "Даладан дастурхонгача" экологик таълим фестивали бўлиб ўтмоқда.

Тадбирда "Eco-schools Uzbekistan" лойиҳасининг асосий рамзи бўлмиш Яшил байроқ тантанали равишда кўтарилди. Қорақалпоғистонлик ғолибларга Яшил байроқни қўлга киритган Ўзбекистондаги яна 8 та мактаб ўқувчилари онлайн тарзда қўшилдилар.

Зироат Мирзиёева ўқувчиларни мукофот билан самимий қутлади. Бу мукофот ёшларнинг барқарор ривожланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга бўлган садоқатининг рамзи ҳамда ёш авлоднинг глобал муаммоларни ҳал этишда фаол иштирок эта олишининг исботидир. Қутлов сўзларини ФАО бош директори ўринбосари Виорел Гутсу ва FЕЕ таълим масалалари бўйича катта директори Прамод Кумар Шарма ҳам билдирдилар.

Бўлажак CОP-29 га бағишланган эко-фестивал турли воқеаларга бой бўлди: "Ёш эко-чемпионлар" дастури етакчилари Қорақалпоғистонда Ёшлар жамоатчилик экологик назоратини йўлга қўйиш ташаббусини тақдим этдилар. Улар тупроқ ҳолатини ўрганиш, органик чиқиндилар ва баргларни биогумусга қайта ишлаш кўникмаларини эгалладилар, барқарор иссиқхона хўжалиги бўйича маҳорат дарсида иштирок этдилар, мевали боғ экдилар, "даладан дастурхонгача" озиқ-овқат йўлини қисқартириш бўйича ўз усулларини таклиф қилган ҳолда баҳс-мунозараларда қатнашдилар. Шунингдек, тўғри овқатланиш бўйича нутрициологларнинг маҳорат дарсларини тингладилар ва барча меҳмонларни ҳайратга солган қизғин флешмоб намойиш этдилар. Тадбирда Бутунжаҳон озиқ-овқат куни муносабати билан ФАО томонидан эълон қилинган плакатлар танловининг тақдимоти ўтказилди, унга аризалар қабул қилиш 8 ноябрга қадар давом этади.

Таълим эко-фестивали доирасида "ЗаминCreative" инклюзив студиясининг "Танҳо қайиқ" номли театрлаштирилган спектакли намойиш этилди ва австриялик фотосуратчи Клаус Пихлернинг "Фермадан қутигача" фотокўргазмаси очилди. Бу кўргазмада озиқ-овқат маҳсулотларининг бузилиб боришининг турли босқичлари тасвирланган ҳайратланарли ва айни пайтда нохуш тасвирлар намойиш этилган. Бекорга етиштирилган ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларга бағишланган ушбу фотокўргазма жума кунигача давом этади.

    Бошқа янгиликлар