АсосийЖамият

Тил - миллатнинг бебаҳо бойлиги

Маълумотларга кўра, Ер юзи аҳолиси етти мингга яқин тил ва лаҳжада сўзлашади. Улардан икки мингга яқини йўқолиб кетиш арафасида турибди.

'Тил - миллатнинг бебаҳо бойлиги'ning rasmi

Тил ҳар бир миллатнинг ўзига хос  белгиси, улкан ва бетакрор бойлиги, аждодларнинг  бебаҳо меросидир. Шу боис ҳам  “Тилга эътибор – элга эътибор”, “Тил билган эл билади” сингари нақлларда бир олам маъно бор.

Маълумотларга кўра, Ер юзи аҳолиси етти мингга яқин тил ва лаҳжада сўзлашади. Улардан икки мингга яқини йўқолиб кетиш арафасида турибди. Сайёрамиз аҳлининг тўқсон фоиздан кўпроғи етмишта тилда гаплашади. Шу  тилларнинг ҳар бирида беш миллиондан ортиқ киши гаплашса,   ҳар бирида йигирма миллиондан ортиқ одам гаплашадиган тилларнинг умумий сони қирққа бормайди. Ер юзида ўзбекча гаплашадиганларнинг умумий нуфуси 50 миллиондан ошади ва шу тилда сўзловчилар сони бўйича дунёда 26-ўринда туради.

Яна бир қизиқарли рақам: Ер юзида минглаб тил ва лаҳжалар мавжуд бўлгани ҳолда атиги юзга яқин тил давлат тили мақомига эга. Демак, биз ҳам  она тилимиз  ана шу юзликдан ўрин олгани билан фахрланишга ҳақлимиз. Бу тилда мамлакатимиздан ташқарида ҳам миллионлаб  кишилар сўзлашади. Турли мамлакатларда ўзбек тилида китоблар, газета ва журналлар нашр этилади, теле- ва радиоэшиттиришлар эфирга узатилади. Айни пайтда тилимиз интернет тармоғида, ахборот технологияларида,  ҳатто сунъий онг лойиҳаларида  ҳам фаол қўлланилмоқда. 

Айни пайтда  дунёнинг кўплаб мамлакатларида, олий ўқув юртларида ўзбек тили ва адабиёти алоҳида фан сифатида ўргатилмоқда. Интернет тармоғида ўзбек тилидаги сайтларнинг тобора кўпайиб бораётгани тилимизнинг виртуал одамдаги мавқеи ҳам ошиб бораётганидан далолатдир. Дунёнинг исталган нуқтасида интернет тизимидаги ўзбекча веб-сайтлардан фойдаланиш мумкин. 

Ўтмишда ҳам  улуғ аждодларимиз тилимиз равнақи, унинг қадр-қиммати учун доимо курашганлар, бу йўлда не-не буюк ишларни амалга оширмаганлар. Мавлоно Лутфий, Алишер Навоий, Мирзо Бобур, Бобораҳим Машраб сингари буюк сўз санъаткорлари тилимизда гўзал ва бетакрор назм дурдоналарини яратиб, унинг умрбоқийлигини таъминлаб кетганлар. 

Назм мулкининг султони ҳазрат Алишер Навоий “Лисонут-тайр” достонида  битганларки: 

Турк назмида чу мен тортиб қалам,
Айладим ул мамлакатни якқалам.
  
Дарҳақиқат, улуғ бобомиз туркий - ўзбек тилида нодир асарлар яратиб, бутун элни ягона тил, ягона қалам остида бирлаштира олган эдилар. Ул зот “Муҳокаматул-луғатайн” асарида ҳам тилимизнинг нақадар бой ва серқирра, нафис ва сержило эканлигини, ҳеч бир тилдан кам эмаслигини исботлаб берганлар.
  
Собиқ тузум, тоталитар мафкура замонида миллий қадриятларимиз, бой тарихий меросимиз, маънавиятимиз тазйиқ остида бўлиб келди. Аммо, ҳали истибдод кишанлари парчаланмаган бир пайтда мамлакатимизда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши катта жасорат намунаси, халқимизнинг маънавий ҳаётидаги муҳим воқеа бўлди. 
  
Ўттиз беш йил тарихан қисқа вақт. Аммо,   бир қонуннинг кучга кириши, унда белгиланган қоидалар ва кўрсатмаларнинг ҳаётга жорий этиш учун етарли муддат. Ўтган давр мобайнида жойларда мзкур тарихий қонун ижроси юзасидан муайян ишлар амалга оширилди ва оширилмоқда. Бу борадаги ишларни исталганча таҳлил этиш,  кўплаб мисоллар келтириш мумкин. 

Дарҳақиқат, расмий идораларда иш асосан давлат тилида юритилмоқда. Давлат ҳокимияти, маҳаллий ҳокимликлар  ва бошқарув органларининг  ҳужжатлари давлат тилида қабул қилинмоқда. Айни вақтда мамлакатимиз ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг тилларига иззат-ҳурмат билан муносабатда бўлиш таъминланмоқда, уларни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратилмоқда. 
  
Аммо, ҳамма жойда ҳам мазкур қонун талаблари тўлақонли бажарилмоқда, деб бўлмайди.  Гарчи бу ҳақда бир неча йиллардан бери тинмай ёзилаётган, гапирилаётган бўлса-да, айрим идораларда ҳали-ҳануз иш юритиш тартиби собиқ тузум пайтидаги дилгир ҳолатларни ёдга солади. 
  
Давлат тилига эътибор, унинг мавқеи нафақат меъёрий ҳужжатларда, расмий идораларда, балки кўча-куйдаги битиклар, лавҳалар, турли эълонларда ҳам яққол кўзга ташланади. Кўча-куйларда, транспорт воситаларида, айниқса метро вагонлари, симёғоч ва махсус устунлардан жой олган эълонларда тилимизга ҳурматсизлик яққол кўзга ташланади.

Шу ўринда фақат тегишли муассасалар, мутасаддилар эмас, оддий фуқароларимизнинг давлат тилига ҳурматсизлигини кўрсатадагина истаганча мисоллар топилади. Хусусан ота-оналар учун фарзангдларини рус ва бошқа тиллардаги боғча ва мактабларга, олий таълим масканларининг руҳ гуруҳларига ўқишга киритиш тобора урфга айланиб бормоқда. Ота-оналар орасида боласининг рус ва инглиз тилида гапириши, ўзбек тилини тушунмаслиги бидлан мақтаниш ҳолатларига ҳам кўп гувоҳ бўляпман. Шахсан ўзим кўпинча ўғил-қизлари билан русча мулоқот қилаётган ота-оналарни кўплаб кузатаман. Ҳатто ўзи русчада исмини тўғри айтолмайдиган айрим ҳамюртларимиз боласини Ёқа ушлайсан киши. Барака топкур, боланг бошқа тилни она тилингдан кўра яхшироқ гапиргани билан у бошқанинг боласи, бошқа миллат вакили бўлиб қолмайди. Бундай ҳолатларда фарзандлар ўз тилига, шу орқали ўз ота-онаси, миллати, миллий менталитетига бефарқ кайфиятда вояга етишлари кўп бор кузатилган. 

Пойтахтдаги жамоат транспорти воситаларида илинган пешлавҳаларни ўқиб, таъбингиз хира тортади. Наҳотки,  ҳайдовчилару, мутасадди шахслар   «САМПИ», «Сельхоз», «Северовосток»,  «Алайский»,  «Куйлюк», «Кара-камыш»,  «Фархадский», «Рысовый», «Паркентский», «Ипподром»,  «Зоопарк»,  «Скверь»,  «Луначарский», «Академгородок» ва ҳоказо «топонимлар»нинг ўзбекчасига айтиш ва ёзиш ҳақида ўйлаб кўришмаса? Бир кишига  худди шу саволни бергандик, антиқа жавобни олдик: «Буларни ўзбекчасига ёзсак, кўпчилик тушунмайди...»
  
Кино, телевидение, радио, матбуот ва интернет  нашрлари тилнинг асосий тарғиботчилари саналади. Бинобарин, сухандонлар, бошловчилар, кинорежиссёрлар ва бошқа тегишли соҳалар вакиллари ўзбек тилига ҳурмат билан ёндошишлари, адабий тил меъёрларига риоя этишлари шарт. Таассуфки, кўп ҳолларда бунинг аксига гувоҳ бўламиз. 
  
Айрим ёш хонандаларнинг ўзбек тилида икки калима гапни эплаб гапиролмаслиги, ёмғирдан кейинги қўзиқориндек болалаётган «қўшиқ»ларда ўзбекча сўзларни ажнабий луқмаларга қўшиб ямланаётгани, кўплаб «кассабоп» фильмлар ва сериалларда, блогер, вайнер, трейдер, бало-баттарларнинг нутқидаги   қоришиқ сўз ва жумлалар, шевага хос, кўча безорилари тилида урф бўлган бепарда сўзлардан «унумли» фойдаланилаётгани ҳам аслида тилга нисбатан ҳурматсизликдан бошқа нарса эмас. 
  
Кези келганда яна бир мулоҳазани айтиб ўтайлик. Баъзи ҳолларда турли босва электрон нашрларда ҳам тил меъёрлари қўпол равишда бузилаётган, айрим атамаларнинг ўзбекона шакли мавжуд бўлгани ҳолда бошқа тиллардаги муқобилидан фойдаланилаётган ҳолатлар учрамоқда. Оммавий ахборот воситаларида тез-тез тилга олинаётган Марокко, Алжир, Йемен, Кувейт (ёки Қувайт), Сирия, Израил, Катар, Бахрейн сингари жўғрофий атамалар ўзбек тилида Марокаш, Жазоир, Яман, Кувайт, Сурия, Исроил, Қатар, Баҳрайн тарзида ёзлиши ва айтилишини баъзи  ҳамкасбларимизга эслатиб қўйиш жоиз кўринади. 
  
Ўзбек тили фасоҳати, қамрови, имкониятлари, бойлиги  жиҳатидан дунёдаги ҳар қандай тил билан беллаша олади. Айрим хорижий тилларда биргина сўз билан ифодалаш мумкин бўлган сўзларнинг ўзбек тилида тўрт, беш ва ундан кўп маънодошларини топиш мумкин. 
  
Ўзбек тили   халқимизнинг энг азиз ва бемисл  бойлигидир. Уни  асраб-авайламоғимиз, кўз қорачиғидек асрамоғимиз, келгуси наслларга ҳам етказмоғимиз ҳам фарз, ҳам қарз. Бу йўлда бизга давлат тили ҳақидаги қонун дастуриламал бўлиб хизмат қилади. 
                   

 Рустам Жабборов

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар

    'Қашқадарёда 34 та сув объектлари учун 251,82 миллиард сўм маблағ йўналтирилди'ning rasmi

    Жамият 25.12.2024 12:19

    Қашқадарёда 34 та сув объектлари учун 251,82 миллиард сўм маблағ йўналтирилди

    88,3 минг гектар майдоннинг сув таъминоти ҳамда 18,8 минг гектар майдоннинг мелиоратив ҳолати яхшиланди.

    'Тошкентда машина рақами қарийб 1 млрд сўмга сотилди'ning rasmi

    Жамият 25.12.2024 12:03

    Тошкентда машина рақами қарийб 1 млрд сўмга сотилди

    Авторақам дастлаб 337 миллион 500 минг сўм бошланғич нарх билан савдога қўйилган.

    'Қозоғистонда ота-онасиз қолиб кетган ўзбекистонлик бола ватанга қайтарилди'ning rasmi

    Жамият 25.12.2024 09:48

    Қозоғистонда ота-онасиз қолиб кетган ўзбекистонлик бола ватанга қайтарилди

    Боланинг ота-онаси Қозоғистондан Қирғизистонга ўтган, бироқ қоида бузгани сабаб орқага қайта олмаган.

    'Бугун Ўзбекистонда ҳарорат 12 даража илиққача кўтарилади'ning rasmi

    Жамият 25.12.2024 08:14

    'Россиядан вояга етмаган болалар Ўзбекистонга қайтарилди'ning rasmi

    Жамият 24.12.2024 21:46

    Россиядан вояга етмаган болалар Ўзбекистонга қайтарилди

    Улар жазони ижро этиш муассасасидаги болалар уйида бўлишган.