Тошкент шаҳрида 15 ёшли ўсмирни поезд уриб кетди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов darakchi.uz’га маълум қилди.
Билдирилишича, Тошкент минтақаси темирйўл ТХТБга жорий йилнинг 23 октябрь куни соат 17:52 да Тошкент шаҳар ИИББ 102-хизмати орқали “Нурхаёт-Салар” темирйўл бекатлари оралиғи 6-км, 7-тўсиқда поезд номаълум шахсни уриб юборгани ҳақида хабар келиб тушган.
Аниқланишича, “Тошкент-Хўжакент” йўналишидаги йўловчи поезди ҳаракатланиб кетаётган вақтида темирйўлнинг йўловчилар ўтиш жойидан велосипедни миниб ўтаётган вақтида вояга етмаган 15 ёшли қашқадарёлик ўсмирни уриб юборган.
Ўсмир олган тан жароҳати билан тез тиббий ёрдам машинасида Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, 7-сон шаҳар клиник шифохонага жойлаштирилган. Кеча, 24 октябрь куни Республика шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатиш марказининг “Болалар бўлими”га ўтказилган.