Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан эсдалик тангалар муомалага чиқарилмоқда.
Маълум қилинишича, тангалар 31,1 грамм оғирликдаги соф олтин ва кумушдан тайёрланган бўлиб, уларнинг асллик даражаси 999,9 ни ташкил этади. Ҳар бир танга ўзининг техник хусусиятларини тасдиқловчи махсус сертификат билан сотувга қўйилади.
Тангалар олд томонида Амир Темур портрети, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидаги Соҳибқирон ҳайкаллари, шунингдек Оқсарой ва Амир Темур мақбараси тасвирланган. Ҳошиясида эса “Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги” ёзуви ҳамда 1336–1405 йиллар кўрсатилган.
Орқа томонида Ўзбекистон Республикаси Давлат герби, номинал қиймати — 100 000 сўм, шунингдек Марказий банк номи акс эттирилган. Пастки қисмида тангалар зарб этилган йил — 2026 йил қайд этилган.
Шунингдек, айрим намуналарида “Темур тузуклари”дан ҳикматли сўзлар келтирилган бўлиб, дизайнда Соҳибқирон даврига оид рамзлар ҳам акс эттирилган.






