Самарқанд вилояти ҳудудида ижтимоий соҳа объектлари ҳамда турар-жой биноларини иситиш мавсуми 1 ноябрь кунидан бошланди.
Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов томонидан имзоланган фармойиш билан қатор мутасадди ташкилотлар ва туман-шаҳар ҳокимликлари зиммасига:
- шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, вилоят ижтимоий соҳа ташкилотлари ва коммунал соҳа корхоналарида 2024 йилнинг 1 ноябрдан бошлаб кечаю кундуз ишловчи штабларни ташкил қилиш;
- ижтимоий соҳа объектларига ва аҳоли яшаш уй-жойларига, "Иссиқлик манбаи" давлат унитар корхонаси тизимидаги иситиш қозонхоналарига узлуксиз ҳамда бир меъёрда табиий газ, электр энергияси қуввати етказиб берилишини таъминлаш;
- табиий газ етиб бормайдиган аҳоли пунктларини суюлтирилган газ билан таъминлаш каби вазифалар юклатилди.
Шу билан бирга, тегишли ташкилотлар тезкор авария тиклаш хизматларини ташкил қилади ҳамда уларни махсус техника ва жиҳозлар билан таъминлайди. "Кўмир таъминот" МЧЖ вилоят филиали, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари куз-қиш мавсумида вилоят аҳолисига ажратилган кўмир маҳсулотларини тўлиқ етказиб беради.