АсосийЖамият

Ўзбекистон халқ артисти Мансур Тошматовнинг юбилей концерти бўлиб ўтди

Ушбу тадбирда darakchi.uz мухбири иштирок этди.

'Ўзбекистон халқ артисти Мансур Тошматовнинг юбилей концерти бўлиб ўтди'ning rasmi

“Туркистон” санъат саройида Ўзбекистон халқ артисти Мансур Тошматов таваллудининг 
70 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон давлат филармонияси томонидан тантанали маросим ташкил этилди.  

Маросим аввалида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков сўзга чиқиб, Мансур Тошматовнинг маданият соҳасидаги қарийб 50 йилга яқин самарали ва жўшқин ижодий меҳнат фаолиятини юксак эътироф этиб, ижодкорни санъатимизнинг ҳақиқий феноменларидан бирига айланганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, устоз санъаткорни вазирлик жамоаси номидан самимий табриклаб, ўзбек маданияти ва санъатини ривожлантириш, устоз-шогирд анъаналарини муносиб давом эттириш, шунингдек, истеъдодли ёшларни кашф этиш йўлидаги самарали фаолиятига муваффақиятлар тилади. 

Маросимда Ўзбекистон давлат филармонияси Бош директорининг биринчи ўринбосари 
Қ. Юлдашев ҳам сўзга чиқиб, устоз санъаткорни Филармония раҳбарияти ва бутун ижодий жамоалари номидан самимий табриклади ва тизимдаги кўп йиллик фаол меҳнатлари учун миннатдорлик билдириб, эсдалик совғалар тақдим этди. 

Бундан ташқари Мансур Тошматовга Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Ботир Зокиров номидаги миллий эстрада институти жамоалари номидан ҳам юксак эҳтиром кўрсатилди.    

Юбилей концерт дастурида Ўзбекистон халқ артистлари Фаррух Зокиров, Насиба Абдуллаева, Рамиз Усмонов, хонандалар Зиёд Эшонхўжаев, “Дуторчилар”, “Навбаҳор”, “Томоша” болалар ансамбллари, “Ўзбекистон солистлари” ва Давлат Жаз оркестрлари, “Шарқ” эстрада гуруҳи иштирок этишиб, устоз санъаткорнинг ижодий фаолиятини эътироф этишиб, ўз мусиқий чиқишлари билан томошабинларга хушкайфият улашишди.

Маълумки, Мансур Тошматов кенг диапазонли, жозибали овози ва ўз ижоди билан нафақат юртимиз балки хорижий мамлакатлар санъат шинавандалари орасида ҳам кўплаб мухлислар орттириб, чуқур ҳурматга сазовор бўлган. 

Шу боис ушбу концертда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Наталя Нурмуҳамедова (Россия Федерацияси), халқаро танловлар совриндори Гоча Сирадзе (Грузия), Қозоғистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Жанаргул Аринбасарова (Қозоғистон) каби хорижий меҳмон санъаткорлар ҳам қатнашишиб, ўз қўшиқлари ва чиқишлари билан санъатимиз дарғасига табрикларини изҳор этишди. 

Ниҳоятда самимий ва завқли ўтган мазкур консерт дастуридаги ҳар бир чиқишлар Мансур Тошматов ижодий фаолияти билан бевосита чамбарчас ҳолатда уйғунлашгани эътиборга сазовор бўлди. Бунда ҳаттоки цирк усталарининг ҳам саҳна кўринишлари томошабинларга эстрада-цирк санъатининг намуналари сифатида таассуротлар бахш этди. 

Жуда юқори атмосферада якунига етган тантанали маросимда Мансур Тошматов “Менинг йўлим” қўшиғини куйлади ва бу санъат йўлининг яна давом этишини алоҳида таъкидлади. Дарҳақиқат, ҳали санъатимиз дарғаси ўз ижоди билан халқаро аҳамиятга эга бўлган кўплаб маданий лойиҳаларни амалга оширишга бош-қош бўлади. Шунингдек, у тарбиялаган шогирдлар келгусида Мансур Тошматов ижодий мактабининг муносиб давомчилари сифатида юртимиз санъатини жаҳонаро кенг намоён қилиб, катта-катта ютуқлар билан юксак эътирофларга сазовор бўлишади.

    Бошқа янгиликлар