АсосийJamiyat

“МАФТУНКОР ЮРТ, ОБОД ШАҲАР, МЕҲРИБОН ОДАМЛАР...”

Мен Ўзбекистонга ана шундай қисқача таъриф берган бўлардим

Мен Ўзбекистон ҳақида жуда кўп эшитганман, ўқиганман. Ушбу мамлакатнинг тарихи, маданияти, урф-одатларига жуда қизиқаман. Шу боис Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси томонидан ўтказиладиган маданий тадбирларда кўп бор иштирок этганман. Раҳбарлигим остимда нашр қилинадиган “OIC Today” журналида Ўзбекистон ҳақида кўплаб мақолалар чоп этилган. 

Раҳматли отам Дато Ража Муҳаммад Абдуллоҳ бу мафтункор ўлкага бир  маротаба ташриф буюрган, биз – фарзандларга ўзбек халқининг меҳмондўстлиги, очиқкўнгиллиги, бағрикенглиги, бу юртнинг қадим ва бетакрор шаҳарлари ҳақида гапириб беришдан чарчамасдилар.

Жорий йил 4 декабрь куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида хорижлик журналист сифатида иштирок этиш бахтига мушарраф бўлдим. Аввало Тошкент халқаро аэропортига тушишим билан ўзгача бир илиқлик, мусаффоликни ҳис қилдим. Тошкентнинг кенг равон, гавжум кўчаларидан кетиб борарканмиз, бу ўлка мен тасаввур қилганимдан ҳам обод, чиройли, фаровон эканига амин бўлдим. 

Бугун дунёнинг турли нуқталарида ҳатто куппа-кундузи ҳам кўчаларда эмин-эркин сайр қилиш амримаҳол. Мен эса, Ўзбекистон пойтахтида ярим тунда ҳам бехавотир сайр қилиш мумкинлигидан ҳайратга тушдим. 

Кўпгина мамлакатларда сайлов деганда номзодларнинг бир-бирига нисбатан кучли адоватлари, таънаю маломатлари, тарафдорлар ўртасидаги келишмоқчиликлар, муштлашувлар юз беришини ҳеч ким инкор этмайди. Айрим давлатларда бундай йирик жараён арафасида номзодлар, давлат маъмурлари ҳаётига суиқад уюштирилганини ҳам тарихдан яхши биламиз.

Мен Ўзбекистондаги сайловолди жараёнлари билан танишар эканман, ҳамма нарса очиқ, ошкора ва шаффоф эканига яна бир карра амин бўлдим. Кўп давлатлар сайловни ёпиқ тарзда, чет  нигоҳлардан яширинча ўтьказишга ҳаракат қилади. Ўзбекистонда эса, аксинча, овоз беришдан бошқа ҳамма нарса очиқ ва ошкора экан. Сайловни ёритиш учун дунёнинг ўнлаб мамлакатларидан юзлаб халқаро кузатувчилар, журналистлар келишган. 

Сайловдан бир кун аввал ва сайлов куни Тошкент шаҳридаги бир қатор сайлов участкаларини бориб кўрдим. Участка сайлов комиссияси аъзолари ва сайловчилар билан суҳбатлашдим. Ҳамма ўз зиммасидаги масъулиятни чуқур ҳис этмоқда. Биринчи бор сайловда иштирок этаётган, 18 ёшга тўлган сайловчиларга эсдалик совғалари берилишини бошқа бирор мамлакатда учратмаганман.

Адолатлилик тамойилига асосланган ушбу сайлов жараёнига тайёргарлик кўриш ва номзодларнинг сайловолди дастурларини аҳолига тезкор ва сифатли етказиш учун ташкил этилган Press-club: Elections-2016 матбуот клубида яратилган шароит мени қувонтирди. Бу ерда журналистларнинг муҳим жараёнга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича экспертларнинг фикрини тезкорлик билан олиб, аҳолига ОАВ орқали етказишга уринишини юқори баҳолайман. 

Бундан аввал ҳам бир қатор  мамлакатларида ўтказилган сайлов жараёнларида ҳам иштирок этганман. Журналистларга нисбатан бундай эркинликлар, шарт-шароитларга тан бермай илож йўқ. 

Ўзбекистонда менинг Ватаним – Малайзияга бўлган эътибор, самимийлик ҳам ўзбек халқига бўлган муҳаббатимни янада оширди. Кўча-куйда юрганимизда менинг малайзиялик эканимни билиб, алоҳида иззат-ҳурмат кўрсатишади. Кўпгина урф-одатларимиз, қадриятларимиз, ҳатто тилимиздаги ўхшаш сўзларни кўриб жуда қувондим. 

Тошкент телеминорасининг тунги таровати, салобати ҳам мени ўзига жалб қилмай қўймади. Бу бежиз эмас экан. Мазкур иншоотга кираверишда эшик олдида турган бир қатор дунёга машҳур миноралар орасида Малайзия байроғ қадалган  Куала-Луапур телеминорасининг макети ҳам савлат тўкиб турибди. Миноранинг нақ “белбоғи”да туриб,  бутун Тошкентниннг кўркам манзарасини томоша қилдим. Мазкур телеминора халқаро миқёсда ҳам юқори  эътирофга сазовор бўлган, бундан бир неча йил аввал Куала-Лумпурда ўтказилган дунёдаги энг баланд иншоотлар анжуманида 20-ўринга муносиб кўрилган экан.

Қуръони каримнинг энг қадимий нусхаси ҳам айнан Ўзбекистонда, Тошкентдаги Ҳазрати имом мажмуасида сақланар экан. Маълумотларга кўра, бу муқаддас китоб милодий еттинчи асрда Ҳазрати Усмон иб Аффон (р.а.) кўрсатмасига асосан кўчирилган. Хулафои рошидиннинг учинчи халифаси бўлган ҳазрати Усмон айнан ушбу китобни мутолаа қилиб турганларида, ғанимлар тарафидан ўлдирилган. 

Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан Тошкентда бунёд этилган “Минор” масжидини  ҳам ислом оламининг беқиёсм мўъжизалари дан бири дейиш мумкин. Ўзининг маҳобати, оппоқ мармардан бино этилганлиги билан бу улуғвор масжид Ҳиндистон жавоҳири – Тож Маҳал мақбарасини ёдга солди. Дарвоқе, “Тож Маҳал” ҳам илтизлари шу заминга келиб тақаладиган Бобурийлар томонидан қурилган-да!

Маълумки, Малайзияда энг қадимий биноларнинг ёши 150-200 йилни ташкил этади. Бу ўлкада ёши асрлар билан ўлчанадиган тарихий бинолар жуда кўп экан. Тошкентнинг энг қадимий маскналардан бири – “Минг ўрик” ёдгорлигининг ёши 2200 йилни ташкил этаркан. Бу мамлакатнинг Самарқанд, Бухоро, Хива каби шаҳарларида бу каби осори атиқалар, тарихий бинолар, масжид ва мадрасалар  жуда ҳам кўп экан. Аммо, сафарим жуда қисқа бўлгани боис, бошқа шаҳарларга боришга улгуролмадим. 

Тошкентни тарк этарканман, бу обод шаҳарга, бу гўзал юртга, бу меҳрибон инсонлар ёнига қайта-қайта келишни дилимга тугиб қўйдим. 

Муҳаммад Ража Толиб,
“OIC Today” журнали бош муҳаррири

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар