Жанубий Кореяда фавқулодда ҳарбий ҳолат жорий этилгани хабар қилинганди. Бунинг ортидан мамлакатда парламент ва сиёсий партиялар фаолияти тўхтатилиб, қонунчилик органи биносига кириш ҳарбийлар томонидан тўсиб қўйилди. Бу ҳақда “Yonhap” хабар берди.
Қайд этилишича, мамлакат Ҳарбий ҳолат бошқармаси ўзининг биринчи фармони билан парламент ва сиёсий партиялар фаолиятини тўхтатганини эълон қилган.
“Миллий Ассамблея, маҳаллий қонунчилик органлари, сиёсий партиялар фаолияти, шунингдек, сиёсий йиғилишлар, митинглар, намойишлар ва бошқа ҳар қандай сиёсий фаолият тўлиқ тақиқланади. Барча тиббиёт ходимлари, жумладан ординаторлар, 48 соат ичида иш жойига қайтиши керак. Ҳарбий ҳолат тўғрисидаги фармонни бузган шахслар ордерсиз ҳибсга олиниши мумкин”, дейилади Жанубий Корея Қуролли кучлари қуруқлик армияси генерали Пак Ан Су имзолаган Ҳарбий ҳолат бошқармаси фармонида
Нашрга кўра, мухолиф Тобуро демократик партияси раҳбари Жанубий Корея Президентининг ҳарбий ҳолат ҳақидаги қарорини конституцияга зид, деб баҳолаган. “Associated Press” нашрининг ёзишича, Президент Юн Сок Ёлнинг рейтинги сўнгги ойларда сезиларли даражада пасайиб, унинг партияси мухолифат билан кескин зиддиятга борган.
Ушбу воқеалар Жанубий Корея криптовалюта бозорига ҳам таъсир этган. Хусусан, ҳозирги вақтда мамлакатдаги барча криптовалюта биржалари ёпилган, савдо эса деярли имконсиз бўлиб қолган. Шу билан бирга, ҳарбий ҳолат қўмондони барча оммавий ахборот воситалари устидан назорат ўрнатилганини эълон қилган.
Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат эълон қилиниши ортидан ушбу мамлакатда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари огоҳлантирилди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги элчихонаси маълум қилди.
“Ҳурматли ватандошлар! Хабарингиз бор, 3 декабрь куни Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат эълон қилинди. Бугунги кунда мамлакатда юзага келаётган ички сиёсий вазиятдан келиб чиққан ҳолда барчангиздан Жанубий Кореяда турли хил митинглар ва намойишларда иштирок этмасликка, одамлар гавжум жойларга бормасликка, ўзингизнинг шахсий хавфсизлигингиз ва соғлигингизни эҳтиёт қилишга чақириб қоламиз”, дейилади баёнотда.
Зарурат бўлган ҳолатда қуйидаги телефон рақамга мурожаат қилиш сўралган:
- +82 10 3213 4505
- +82 10 2909 4334