АсосийЖАМИЯТ

Сирдарёда меҳмонхона 631 миллион сўмлик газни ноқонуний ишлатгани аниқланди

Беш ҳудудда газ ва электр энергиясини талон-торож қилиш ҳолатлари фош этилди.

'Сирдарёда меҳмонхона 631 миллион сўмлик газни ноқонуний ишлатгани аниқланди'ning rasmi

Сирдарё, Қашқадарё, Хоразм ва Наманган вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ бир қатор ҳолатлар аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳридаги “Намуна” маҳалласи ҳудудида жойлашган меҳмонхона табиий газ тармоғига ноқонуний уланган. Терговга қадар текширувда “Ф.Г.” хусусий корхонаси масъуллари 631,2 миллион сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдалангани аниқланган.

Қашқадарё вилояти Миришкор туманида эса фуқаро У.С. “Арабхона” маҳалласидаги хонадонида табиий газ тармоғига ўзбошимчалик билан тўғридан тўғри уланиб, 407,3 миллион сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланган.

Тошкент шаҳри Юнусобод туманида фуқаро Ш.С. “Фирдавсий” маҳалласидаги хонадонида умумий фойдаланишдаги газ тармоғига ноқонуний уланиш орқали 216,2 миллион сўмлик табиий газни талон-торож қилгани маълум бўлган.

Шунингдек, Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида фуқаро Қ.К. “Эскибоғ” маҳалласидаги уйида табиий газ тармоғига ноқонуний уланиб, 105 миллион сўмлик газдан фойдалангани аниқланган.

Хоразм вилояти Янгиариқ туманида ўтказилган текширувда эса фуқаро Х.Х. “Остона” маҳалласидаги хонадонида электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, 388,3 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани маълум бўлган.

Наманган вилояти Чортоқ туманида фуқаро Ш.У. “Юксалиш” маҳалласи ҳудудидаги ер майдонида ўрнатилган сув насосини электр тармоғига ноқонуний улаш орқали 99,3 миллион сўмлик электр энергиясини талон-торож қилган.

Қашқадарё вилояти Кўкдала туманидаги ҳолатда эса “У.Н.” фермер хўжалигини бошқариб келган Б.Н. “Хўжаобод” маҳалласи ҳудудида сув насосини электр тармоғига тўғридан тўғри улаб, 97,3 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган. Айни вақтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар