Чирчиқ дарёсининг Қибрай туманидан ўтган ҳудудидаги оролчада қолиб кетган эркак ФВБ ёнғин-қутқарув отряди ходимлари томонидан қутқарилди.
Маълум қилинишича, 5 декабрь куни соат 16:07 да дарёнинг Қипчоқ маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи қисми ўртасидаги оролчада фуқаро қолиб кетгани тўғрисида хабар келиб тушган.
Чирчиқ ёнғин-қутқарув отрядидан қутқарувчилар зудлик билан айтилган манзилга етиб бориб, қутқарув қайиғи ҳамда махсус анжомлар ёрдамида фуқаро дарёдаги оролчадан олиб чиқилган ва тез тиббий ёрдам ходимларига топширилган.
Фуқаро отга миниб олган ҳолда дарёнинг бир қирғоғидан иккинчи қирғоғига ўтаётган вақтида отнинг оёғи тойиб, йиқилиб тушган ва дарёда оқиб кетган. Шундан сўнг дарё ўртасидаги оролчага чиқиб олган. От ўз ҳаракатлари билан қирғоққа чиқиб олган.
Ҳозирда фуқаронинг аҳволи яхши шифокорлар томонидан малакали тиббий кўрикдан ўтказилиб, яшаш уйига рухсат берилган, дейилади хабарда.