Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими томонидан давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар идоралари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда йирик миқдордаги пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.
Янгиҳаёт туманида ўтказилган тезкор тадбирда аввалдан кузатувга олинган шахс бошқарувидаги “Кобальт” автомашинаси тўхтатилиб, унга уланган юк тиркамаси кўздан кечирилди. Натижада тиркамага 7 турдаги 562 минг донадан зиёд пиротехника воситалари ортилгани фош бўлди.
Вақтинча сақловга олинган мазкур салют ва петардаларнинг умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 400 млн сўмдан ошмоқда.
Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.