Наманган вилояти Наманган шаҳрида она бир ва уч ёшли фарзандлари билан ўзини каналга ташлади. Бу ҳақда darakchi.uz'га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Қайд этилишича, 2024 йилнинг 20 декабрь куни Темир кўчасида яшаган 1999 йилда тугилган аёл турмуш ўртоғи билан узоқ муддатдан буён бирга яшаб келмаётгани, ўзаро оилавий келишмовчилик сабабли руҳиятида бўлган ўзгариши туфайли 2021 ва 2023 йилда тугилган ўғил фарзандларини олиб, ўзини ва фарзандларини Шимолий Фарғона каналига ташлаган.
Шу вақтда мазкур ҳудуддан ўтиб кетаётган фуқаролар томонидан икки нафар вояга етмаган бола қутқариб олинган. Кўрсатилган тиббий ёрдам натижасида уларнинг ҳаёти сақлаб қолинган. Шу куни Наманган вилоят қўриқлаш бошқармаси ходимлари томонидан Шимолий Фарғона каналидан аёл ўлик ҳолда сувдан чиқариб олинган.
“Мазкур ҳолат юзасидан Наманган шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 25,97-моддаси 2-қисми “а, в” бандлари билан билан жиноят иши қўзғатилди”, дейилади хабарда.