Албания Республикаси Президентининг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Биринчи хоними Зироат Мирзиёева ҳамда Албания Республикаси Биринчи хоними Арманда Бегай ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Очиқ ва самимий мулоқот руҳида кечган суҳбат давомида томонлар Ўзбекистон ва Албания халқлари ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди.
Учрашувдан сўнг ташкил этилган маданий дастур доирасида Арманда Бегай ўзбек амалий санъати намуналари билан танишди. Хусусан, унга ёғоч ўймакорлиги, қадимий сўзана каштачилиги ҳамда анъанавий кулолчилик санъати намуналари намойиш этилди.
Дастурнинг энг ёрқин қисмларидан бири миллий либослар кўргазмаси ҳамда юртимизнинг турли ҳудудларига хос жиҳатларни акс эттирган “Келин салом” маросими тақдимоти бўлди.
Қайд этилишича, Албания Биринчи хоними ўзбек халқининг миллий анъана ва урф-одатларига алоҳида қизиқиш билдириб, уларнинг чуқур тарихий илдизлари, бетакрорлиги ва нафосатини юқори баҳолаган.






