Мамлакатимиз элчихонаси томонидан Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари билан биргаликда Россия ҳудудларида ота-она қарамоғисиз қолган 15 нафар вояга етмаган бола юртимизга қайтарилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА.
Ўзбекистондан келган ишчи гуруҳ аъзолари қаровсиз қолган болаларнинг барча зарур ҳужжатларини йиғиш мақсадида икки ҳафта давомида Россиянинг турли ҳудудларида бўлди.
Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ва ёрдамга муҳтож барча болалар дастлаб Москва шаҳридаги вояга етмаганлар учун мўлжалланган ижтимоий реабилитация марказига жойлаштирилди. Шундан сўнг улар Ўзбекистонга қайтарилди.
"Биз болаларни Ўзбекистонга репатриация қилиш учун қабул қилдик. Марказда бўлган вақт мобайнида уларга барча ижтимоий ва тиббий ёрдам кўрсатилди", - деди Москва шаҳридаги "Марказий" оилавий тарбияга кўмаклашиш маркази бўлим раҳбари Одил Зокиров.
Ўзбекистон элчихонаси томонидан болаларнинг Ватанга қайтиши учун зарур сертификатлар бепул расмийлаштирилди.
Вояга етмаган юртдошларимиз Ўзбекистонга қайтгач, яқин қариндошлари ҳомийлигига (васийлигига) ёки мамлакатимиздаги махсус болалар муассасаларига топширилади.