АсосийЖамият

Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефонлашди

Бир-бирларини ва қардош халқларни кириб келаётган 2025 йил билан самимий қутлаб, сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, фаровонлик, тинчлик ва равнақ тиладилар.

'Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефонлашди'ning rasmi

30 декабрь куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов бир-бирини ва қардош халқларимизни кириб келаётган 2025 йил билан самимий қутлаб, сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, фаровонлик, тинчлик ва равнақ тиладилар.

Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Ўзаро товар айирбошлашнинг жадал суръатлар билан ўсиб, энергетика, транспорт, саноат, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида кооперация кенгайиб бораётгани, идоралараро ва ҳудудлараро алоқалар, ишбилармонлик ва маданий-гуманитар алмашинувлар фаоллашгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари бу йил шоир ва мутафаккир Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллиги муносабати билан юксак савияда ўтказилган халқаро тадбирларга алоҳида тўхталди. Ўзбек ва туркман киноижодкорлари томонидан бадиий фильм суратга олингани, бир қатор қўшма тадбирлар ўтказилгани таъкидланди.

Суҳбат чоғида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувининг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик кўриш нуқтаи назаридан минтақавий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилари бўлажак тадбирлар режасини ҳам кўриб чиқдилар.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар