Тошкентда BMW S1000 RR спорт мотоцикли ҳайдовчиси соатига 310 км тезликда ҳаракатланиб, бу ҳақда ижтимоий тармоқларда видео жойлаштирди. У маъмурий жавобгарликка тортилди, деб хабар берди пойтахт ИИББ ЙҲХБ матбуот котиби Қаҳрамон Худойберганов.
Блогернинг айтишича, видео ўтган йилнинг август ойида ёзиб олинган. У ёшлар ва бошқалар ундан ўрнак олишларини хоҳламаслигини айтди.
Унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128−3-моддаси 3-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилган (транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 40 км/соатдан ортиқ ошириб юбориши БҲМнинг 9 баравари ёки 3,37 млн сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади).