Бу орқали яширин иқтисодиётни қисқартириш ва бюджет тушумларини ошириш кўзда тутилмоқда.
6 апрель куни Президентга тақдим этилган ҳисоботда солиқ тизимида рақамли назоратни кучайтириш, сунъий интеллект асосида “ақлли” мониторинг жорий этиш режалаштирилгани маълум қилинди.
Жумладан, савдо, хизмат кўрсатиш, қурилиш ва умумий овқатланиш соҳаларида P2P операцияларни кузатиш орқали қўшимча тушумлар аниқланади.
Шу билан бирга, бозорлар ва савдо мажмуаларини тўлиқ рақамлаштириш, товар айланмасини шаффофлаштириш ва норасмий бандликни қисқартириш асосий вазифалардан бири сифатида белгиланган.
Янги тизим орқали солиқ тушумларини ошириш, текширувларни камайтириш ва тадбиркорлар учун қулай солиқ муҳитини яратиш мақсад қилинмоқда.






