Ижтимоий тармоқларда Республика педиатрия маркази бемор болалар билан тўлгани, уларнинг бир қисми янги вирусга чалингани айтилган хабарлар тарқалмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Аввало, айтиш жоизки, ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлардаги болаларнинг метапневмовирусга чалингани хусусидаги маълумотлар мутлақо асоссиз.
Гап шундаки, Янги йил арафасида Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказининг жами бешта — Чақалоқларни парвариш қилиш, Чақалоқлар патологияси ва реанимацияси, Гепатология, Нефрология ҳамда Умумий педиатрия бўлимларида профилактик ювиш-тозалаш ва зарарсизлантириш ишлари амалга оширилган.
Мазкур бўлимларнинг барчаси бугун, 6 январь кунидан қайта очилди ва бу ҳолат табиий равишда беморлар оқими нисбатан ортишига сабаб бўлди.
Қолаверса, марказ ижтимоий тармоқлардаги хабарларда қайд этилган юқумли касалликларга чалинган беморларни қабул қилиш ва даволашга ихтисослаштирилмаган.
Шундай экан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан турли асоссиз ва текширилмаган хабарлар тарқатмасликни сўрайди.