Сурхондарёда ўқувчилар совуқ ҳавода юпун кийимда тадбирга жалб қилингани аниқланиб, бунга сабаб бўлган мансабдорлар интизомий жазога тортилди. Бу ҳақда болалар омбудсмани хабар берди.
Аниқланишича, 2024 йил 6 декабрь куни Сурхондарё вилояти, Денов тумани ҳудудидан ўтган автомобиль йўли билан боғловчи, темирйўл устидан ўтган кўприк фойдаланишга топширилиб, кўприкнинг очилиш маросимига совуқ об-ҳавода Денов туманидаги 14 ва 16-сонли мусиқа мактабларининг ўқувчилари (16 нафар қиз ҳамда 4 нафар ўғил бола) туманнинг Маданият бошқармаси топшириғига кўра енгил байрамона кийимларни кийган ҳолда жалб қилинган.
Ушбу ҳолат юзасидан болалар омбудсмани Маданият вазирлигига болаларнинг соғлиғини хавф остига қўйган масъулларга тегишли чора кўриш ва бундай ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан тақдимнома киритган.
Тақдимнома Маданият вазирлиги томонидан ўрганиб чиқилиб, болаларнинг соғлиғи хавф остига қўйилгани юзасидан ҳудуднинг тегишли мансабдор шахсларига нисбатан интизомий жазо қўлланган.
Шунингдек, Маданият вазирлиги томонидан вазирлик тасарруфидаги ташкилотларга юқорида қайд этилган қонунбузилиш ҳолатларига такроран йўл қўймаслик, ўқувчиларни ҳар қандай тадбирларга асоссиз жалб қилишни қатъиян тақиқлаш чораларини кўришга оид кўрсатмалар берилган.